Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрида фоҳишалик билан шуғулланган эркакга нисбатан маъмурий қамоқ жазоси тайинлангани ҳақида хабарлар тарқалди. Ушбу ҳолат юзасидан Олий суд матбуот котиби Азиз Абидов Batafsil.uz муҳбирига расмий маълумот берди.
Маълум бўлишича, иш 2026 йил 23 ноябрь куни жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судининг очиқ сайёр суд мажлисида кўриб чиқилган.
27 ёшли фуқаро "Хавфсиз ва соғлом юрт" тезкор-профилактик тадбири давомида Telegram орқали фойдаланувчи билан 800 минг сўм эвазига жинсий алоқа қилишга келишиб, Чилонзор тумани 16-мавзедаги хонадонлардан бирига келган вақтида ички ишлар органлари ходимлари томонидан аниқланган.
Шунингдек, эркакнинг шахсини аниқлаш мақсадида ИИБга таклиф қилинганида у ходимларнинг қонуний талабларини бажармай, фаол қаршилик кўрсатган. Суд мажлисида ҳуқуқбузар айбига тўлиқ иқрорлик билдириб, қилмишидан пушаймонлигини айтган.
Суд қарори билан у Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 190-моддаси 1-қисми ва 194-моддаси 2-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этган деб топилган. Унга 1 миллион 320 минг сўм жарима ҳамда 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланиб, 34-модда тартибида узил-кесил 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси белгиланган.
Аввалроқ Бухорода 8 ёшли қизга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар содир этган шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилганди.

Изоҳлар мавжуд емас