Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Россиянинг Омск шаҳрида қурилаётган кўп қаватли бинода ёнғин содир бўлди. Жабрланган 11 нафар ишчининг барчаси Ўзбекистон фуқаролари экани маълум қилинди. Улар қурилиш-пудрат ташкилотларида ишлагани айтилмоқда.
Ёнғин 15 август куни маҳаллий вақт билан соат 10:30 да Омскдаги "Кварталы Драверта" микрорайонида бошланган. Қурилаётган бинонинг тахминан 1000 квадрат метр майдонида очиқ ёнғин қайд этилган.
Вилоят Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, ёнғин вақтида 11 киши шифохонага ётқизилган. Россия Тергов қўмитасининг Омск вилояти бўйича бошқармаси матбуот хизмати жабрланганларнинг барчаси Ўзбекистон фуқаролари бўлган қурилиш ишчилари эканини тасдиқлаган.
Ёнғин соат 11:36 да бартараф этилган, унинг оқибатларини тугатиш ишлари 12:47 да якунланган.
Дастлабки маълумотларга кўра, ёнғинга пайвандлаш ишлари вақтида иссиқлик изоляция материалининг ёниб кетиши сабаб бўлган. Ҳодиса юзасидан Омск вилояти прокуратураси текширув бошлаган.
Аввалроқ Татаристоннинг Нижнекамск шаҳрида 10 август куни дронлар ҳужуми оқибатида ҳалок бўлган 8 нафар Ўзбекистон фуқаросининг жасадлари 12 август куни махсус авиарейс орқали Ватанга олиб келинганди.

Изоҳлар мавжуд емас