Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Жанубий Кореянинг Ульсан шаҳрида ишлаётган ўзбекистонлик мигрантлар иш берувчини алмаштиргани учун ойига 2 минг долларгача жарима тўлаш мажбурияти юклангани ҳақида шикоят қилган. Жанубий Корея Меҳнат ва бандлик вазирлиги бу тартибни адолатсиз деб баҳолаб, Ўзбекистон томонидан уни қайта кўриб чиқишни талаб қилган.
Масала Ўзбекистон фуқароси бўлган 26 ёшли ишчининг 18 июль куни Ульсандаги HD Hyundai Heavy Industries верфида ҳалок бўлганидан кейин кенг муҳокама қилинган. Марҳумнинг ҳамкасблари у аввалроқ жароҳат олгани ва хавфли меҳнат шароити сабабли иш жойини алмаштирмоқчи бўлганини билдирган.
Жанубий Кореянинг Pressian нашрига кўра, E-9 меҳнат рухсати тизими асосида ишлаётган айрим ўзбекистонликлар иш жойини алмаштириш учун Ўзбекистон Миграция агентлигининг Жанубий Кореядаги вакилидан ёзма розилик олиши керак бўлган. Бундай рухсатсиз иш жойини алмаштирган тақдирда ойига 2 минг доллар жарима белгилангани айтилмоқда.
Қўшимча маълумотларга кўра, ҳужжатларда жариманинг юқори чегараси кўрсатилмаган бўлиб, тўловлар ишчи Ўзбекистонга қайтгунига қадар ҳар ой ҳисобланиши мумкин бўлган. Айрим ишчилар ишдан бўшатилган ёки ишсиз қолган ҳолатларда ҳам бундай талабларга дуч келганини айтган.
Жанубий Кореялик ҳуқуқшунослар бундай миқдордаги жарима мигрантнинг иш жойини эркин алмаштириш имкониятини чеклаши ва айрим ҳолатларда иқтисодий босим ёки мажбурий меҳнат аломатларини юзага келтириши мумкинлигини билдирган.
Жанубий Корея Меҳнат ва бандлик вазирлиги маълумотига кўра, 6 август куни икки давлат вакиллари ўртасида бу масала муҳокама қилинган. Корея томони амалиётни адолатсиз деб баҳолаб, уни зудлик билан ўзгартириш чораларини кўришни талаб қилган.
Ўзбекистон томони эса жарима барча ҳолатларда автоматик қўлланилмаслигини билдирган. Жумладан, корхона фаолияти тўхтатилган ёки ишчи соғлиғи сабабли меҳнатни давом эттира олмаган ҳолатларда тегишли шартлар асосида иш жойини алмаштириш мумкинлиги айтилган.
Олдинроқ Тошкентда фуқароларни Жанубий Корея ва АҚШга ноқонуний йўллар билан юборишни ваъда қилиб, жами 105 минг доллар талаб қилган уч нафар шахс қўлга олинганди.

Изоҳлар мавжуд емас