Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Бразилияда 36 ёшли эркак 8 ёшли ўғлини ўлдириш режасини ChatGPT билан муҳокама қилгани аниқлангач, ҳибсга олинди. Хавфли мазмундаги ёзишмалар OpenAI хавфсизлик тизимида сигнал берган, шундан сўнг маълумотлар АҚШ ва Бразилия ҳуқуқ-тартибот идораларига етказилган.
Тергов маълумотларига кўра, Эспириту-Санту штатида яшовчи эркак икки ойдан ортиқ вақт давомида ChatGPTдан шахсий "кундалик" сифатида фойдаланиб, жиноий ниятлари ва фарзандини ўлдириш режаси ҳақида ёзган. У жиноятни бошқа шахс орқали амалга ошириш имкониятини ҳам муҳокама қилган.
OpenAI хавфсизлик тизими ёзишмалардаги хавфли мазмунни аниқлагач, АҚШ Федерал тергов бюросига хабар берилган. ФБР маълумотларни Бразилия Адлия ва жамоат хавфсизлиги вазирлиги Кибероперациялар лабораториясига, у ердан эса Эспириту-Санту полициясига етказган.
Полиция маълумотига кўра, гумонланувчи 19 июнь куни қўлга олинган. Терговчилар у қотилликни 20 июнь куни содир этишни режалаштирган, деб ҳисобламоқда. Жиноятга эҳтимолий сабаб сифатида алимент тўлашдан қочиш истаги кўрсатилмоқда.
Эркак 54 кунлик қамоқдан сўнг 13 август куни озод қилинган. Суд унга электрон браслет тақиш мажбуриятини юклаган ва ўғли ҳамда боланинг онасига яқинлашишни тақиқлаган.
Гумонланувчининг адвокати Педро Песси мижозининг ҳаракатларини ҳимоя қилиб, сунъий интеллект билан суҳбатлашишнинг ўзи жиноят сифатида баҳоланмаслиги кераклигини билдирган.
Бундан олдин Тайвань давлат идораларига қарши июль ойида амалга оширилган киберҳужумда сунъий интеллект агентлари хакерларнинг бевосита аралашувисиз разведка, аккаунтларни бузиш ва кейинги ҳужум йўналишларини белгилаш каби вазифаларни бажаргани ҳақида хабар берган эдик. Мутахассислар бу ҳолатни давлат ташкилотларига қарши тўлиқ автоном киберҳужумнинг илк маълум бўлган мисоли деб баҳоламоқда.

Изоҳлар мавжуд емас