Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Жорий йилнинг 13 июнь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Бекобод шаҳрига ташрифи доирасида "Ўзметкомбинат" комраниясида барпо этилган йирик Қуюв-прокатлаш мажмуасининг очилиш маросимида иштирок этди ва янги ишлаб чиқариш қувватларини расман ишга туширди.
Янги мажмуанинг ўзида 1 200 та юқори маошли иш ўрни яратилади. Шунингдек, комбинат қошида ташкил этиладиган янги "Экосаноат парки" яна 660 нафар кишини иш билан таъминлаши таъкидланган. Бундан ташқари, Ўзбекистонда 2030 йилгача 800 минг хонадонли уйлар ва улкан инфратузилма лойиҳалари қурилиши режалаштирилган. Бу эса металлга бўлган талабни 1,5 баробарга оширади. Янги мажмуа айнан мана шу қурилишларни маҳаллий ва арзон хомашё билан таъминлашга хизмат қилади.
Илгари комбинат фақат қурилиш учун металл берган бўлса, ҳозирда машинасозлик, мудофаа ва энергетика тармоқлари учун 80 турдаги янги маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда. Таққослаш учун, 2016 йилда бор-йўғи 800 минг тонна металл берилган бўлса, бугунги кунга келиб бу кўрсаткич 3 миллион тоннага етган.
Яқин йилларда "Тебинбулоқ" ва "Сурун-ота" конлари тўлиқ ишга туширилиб, импорт хомашёсига қарамликка чек қўйилиши кутилмоқда. Шунингдек, комбинат ҳудудида янги замонавий металлургия заводи ҳам барпо этилади.

Изоҳлар мавжуд емас