Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда қимматбаҳо металлар ва тошлардан ясалган буюмларни босқичма-босқич мажбурий рақамли маркировкалаш тизимини йўлга қўйиш таклиф этилди. Ҳукуматнинг тегишли қарори лойиҳаси айни пайтда жамоатчилик муҳокамасига қўйилган бўлиб, унга кўра заргарлик буюмлари бозорини рақамлаштириш бўйича бир нечта муҳим босқичлар белгиланмоқда.
Дастлабки босқичда, яъни 2027 йилнинг 30 декабрига қадар мазкур тизимни синовдан ўтказиш бўйича пилот лойиҳа амалга оширилади. Ушбу экспериментда Gold Moon Tashkent, Merrit Jewellery, Sofizar ва Termez Gold Production каби маҳаллий ишлаб чиқарувчилар иштирок этади ва уларга маркировка кодлари бепул тақдим этилади. Синов натижалари асосида 2028 йилнинг июль ойига келиб тизимни доимий равишда татбиқ этиш бўйича якуний ҳужжат тайёрланади.
Мажбурий маркировкалаш тартиби эса 2029 йил 1 январдан бошлаб ишлаб чиқарувчилар ва импорт қилувчилар учун, ўша йилнинг 1 апрелидан эса чакана савдо корхоналари учун кучга кириши кўзда тутилмоқда.
Янги тартибга мувофиқ, заргарлик буюмининг ўзига ёки унга маҳкамланган ёрлиққа махсус Data Matrix коди туширилади. Маҳсулотнинг ишлаб чиқарилиш ёки четдан олиб кирилиш жараёнидан бошлаб, то касса орқали харидорга сотилгунига қадар бўлган барча ҳаракатлари Asl Belgis» тизимида акс этиб боради.
Натижада харидорлар махсус мобил илова орқали тақинчоқнинг ҳақиқийлигини текшириш ва у ҳақида тўлиқ маълумот олиш имкониятига эга бўладилар. Агар маҳсулотнинг қалбаки эканлиги аниқланса, истеъмолчилар илова орқали тўғридан-тўғри тегишли давлат органларига хабар юборишлари мумкин бўлади.
Ўзбекистонда автомобиль эҳтиёт қисмлари, гиламлар ва ўсимлик ёғи мажбурий маркировка қилиниши ҳам белгиланганди.

Изоҳлар мавжуд емас