Загрузка
Загрузка
Европада июнь охиридаги аномал иссиқлик 10 мингдан ортиқ одамнинг умрига завол бўлди
Дунё

Европада июнь охиридаги аномал иссиқлик 10 мингдан ортиқ одамнинг умрига завол бўлди

7
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz.  Европа Иттифоқининг касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази ҳамда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан қўллаб-қувватланувчи EuroMOMO тармоғининг расмий маълумотларига кўра, жорий йилнинг июнь ойи охирида қитъанинг ғарбий қисмида кузатилган рекорд даражадаги аномал иссиқлик оқибатида 10 000 дан ортиқ ортиқча ўлим ҳолати қайд этилди.

Маълумотларга кўра, ҳаётдан кўз юмганларнинг мутлақ кўпчилиги — 9 000 нафардан зиёди 65 ёш ва ундан катта бўлган кекса ёшдаги инсонлардир. Кучли иссиқлик одамларда иссиқ уришини келтириб чиқариши ёки юрак-қон томир ҳамда нафас йўллари сурункали касалликларини кескин кучайтириб юбориши туфайли ўлим хавфини оширади.

Олимларнинг таъкидлашича, июнь ойи охиридаги бундай кучли иссиқлик тўлқини инсоният фаолияти таъсирида юзага келаётган глобал иқлим ўзгаришларисиз деярли имконсиз эди. Европанинг 27 та давлати миллий статистикаси умумлаштирилган ушбу маълумотлар иссиқлик энг юқори нуқтасига чиққан 22–28 июнь ҳафтасини қамраб олган. Мутахассисларнинг билдиришича, ушбу муддат оралиғида ўлим кўрсаткичининг 10 650 тага кескин кўпайиб кетишига иссиқликдан ташқари бошқа бирор бир жиддий омил (масалан, COVID-19 авж олиши) сабаб бўлмаган.

Европа мамлакатлари ичида айниқса Франция ва Бельгияда ўлим даражаси "ҳаддан ташқари юқори" деб баҳоланган. Бельгия Соғлиқни сақлаш институти (Sciensano) мазкур кўрсаткич 2000 йилдан буён олиб бориладиган кузатувлар тарихидаги энг юқориси эканини маълум қилган. Июннинг жазирама иссиғи нафақат инсонлар саломатлигига, балки инфратузилмага ҳам зарар етказган — электр таъминотида узилишлар кузатилган, Франция, Испания ва Буюк Британияда мактаблар вақтинча ёпилган ҳамда рекорд ҳароратлар қайд этилган.

Шунингдек, душанба куни эълон қилинган бошқа бир илмий тадқиқотда фақатгина Англия ва Уэльснинг ўзида май ва июнь ойларидаги иссиқлик тўлқинлари оқибатида 2 700 киши вафот этгани, ушбу ўлим ҳолатларининг 42 фоизи бевосита глобал исиш туфайли кучайган аномал ҳарорат ҳиссасига тўғри келиши ҳисоблаб чиқилган.

Аввалроқ Германия соғлиқни сақлаш тизимига масъул Роберт Кох институтининг (RKI) сўнгги ҳисоботига кўра, йил бошидан буён мамлакатда жазирама иссиқ туфайли тахминан 5 120 киши ҳаётдан кўз юмгани ҳақида хабар берган эдик.

Ўзбекистон бўйлаб янгиликлар: Telegram-каналга уланинг

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...