Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. АҚШ Мудофаа вазирлиги номаълум учувчи объектлар (НУЖ) ҳақидаги архив материалларининг саккизинчи тўпламини эълон қилди. Унда 40 та ҳужжат, эскизлар, учта видеоёзув ва 538 саҳифали ҳисобот ўрин олган.
Янги материаллар махсус ҳукумат порталида жойлаштирилган. Видеолардан бири 2020 йилда Яқин Шарқда тасвирга олинган бўлиб, унда АҚШ ҳарбий кемаси яқинида учиб юрган кичик, оқиш нур таратувчи объект акс этган.
Тўпламга 2009 йил июнь ойида Пентагон билан тузилган шартнома доирасида Bigelow Aerospace Advanced Space Studies компанияси тайёрлаган "Ўн ойлик ҳисобот" ҳам киритилган. Унда Юта штатидаги Skinwalker Ranch ҳудудида кузатилган аномал ҳодисалар таҳлил қилинган. Ҳисоботда ранчони сенсорлар, камералар ва бошқа ускуналар ёрдамида кеча-кундуз кузатиш натижалари баён этилган.
Skinwalker Ranch уфология ва паранормал ҳодисаларга қизиқувчилар орасида НУЖ кузатувлари билан машҳур жойлардан бири ҳисобланади. Ҳисоботнинг норасмий нусхалари аввалроқ интернетда тарқалган бўлса-да, Пентагон унинг мавжудлигини биринчи марта расман тасдиқлади.
НУЖларга оид ҳужжатларни ошкор қилиш жараёни АҚШ президенти Дональд Трампнинг кўрсатмаси билан бошланган. У апрель ойи ўрталарида ушбу мавзуга оид қизиқарли тмаълумотларни эълон қилишга ваъда берган. 158 та файлдан иборат биринчи тўплам 8 май куни эълон қилинган.

Изоҳлар мавжуд емас