Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. S&P Global Ratings халқаро рейтинг агентлиги Ўзбекистоннинг узоқ муддатли суверен кредит рейтингини BB дан BB+ га кўтарди. 20 ноябрь куни қабул қилинган қарорга кўра, рейтинг прогнози "барқарор" даражада қолдирилди ва инвестициявий рейтинг ҳисобланадиган BBB− поғонасигача бир қадам қолди.
Агентлик рейтингни оширишга мамлакатнинг бюджет ва ташқи иқтисодий кўрсаткичлари яхшилангани, халқаро захиралар кўпайгани ҳамда давлат қарзининг нисбатан мўътадил даражада эканини асос қилиб кўрсатган.
Энергетика соҳаси ва давлат корхоналаридаги ислоҳотлар ҳам давлат молиясининг барқарорлигини мустаҳкамловчи омиллар сифатида қайд этилган.
S&P маълумотларига кўра, Ўзбекистоннинг халқаро захиралари 2026 йил октябрь ойи охирида қарийб 64 миллиард долларга етган.
Бу кўрсаткич 2023 йилга нисбатан икки баробардан кўпроқ ўсган.
Шунингдек, агентлик 2026–2029 йилларда давлатнинг соф қарзи ялпи ички маҳсулотга нисбатан ўртача 24 фоизни ташкил этишини прогноз қилмоқда.
Шу билан бирга, агентлик айрим хавфларга ҳам эътибор қаратган.
Жумладан, экспорт ва халқаро захираларда олтин улушининг юқорилиги мамлакат иқтисодиётини жаҳон бозоридаги нархлар ўзгаришига боғлиқ қилиб қўяди.
Давлат харажатларининг ошиши, ташқи иқтисодий вазият ва давлат корхоналарининг молиявий мажбуриятлари ҳам келгуси рейтингга таъсир қилиши мумкин.
Таъкидлаш жоизки, BB+ ҳали инвестициявий рейтинг эмас, балки ундан бир поғона паст ҳисобланади. BBB− эса инвестициявий тоифанинг энг қуйи даражасидир. Агентликнинг қисқа муддатли суверен рейтинги эса B даражасида қолдирилган.
Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева мазкур натижани иқтисодий ислоҳотлар ва мувозанатли молия сиёсати самараси сифатида баҳолаган.
Унинг таъкидлашича, рейтинг агентлиги билан олиб борилган очиқ таҳлилий мулоқот ҳам натижага ҳисса қўшган.
Олдинроқ Fitch халқаро рейтинг агентлиги Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтингини "BB-" даражасидан "BB" даражасига кўтарганди.

Изоҳлар мавжуд емас