Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Ўзбекистонда электромобиллар учун утилизация йиғимининг оширилиши ҳақидаги янгилик ҳукуматга кўплаб саволларни келтириб чиқарди ва сўнгги кунларда энг кўп муҳокама қилинган мавзулардан бирига айланди. Бу қарор мамлакатда электромобиллар сонини оширишга қаратилган катта ваъдалар фонида жуда қарама-қарши кўринмоқда.
Кўплаб одамларни янги қоидалар фақат импорт қилинган автомобилларга тааллуқли бўлиши ҳайрон қолдирди, чунки маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотлари камида беш йил давомида утилизация йиғимидан озод қилинади. Бундан ташқари, мамлакатда ҳали утилизация заводлари йўқлиги маълум бўлди, аммо барибир ушбу заводларни қуриш учун йиғим тўланиши керак экан.
Ушбу заводлар қачон пайдо бўлиши номаълум. Аммо ҳозирда битта нарса аниқ - Ўзбекистонда яшил транспортга ўтиш нафақат катта умидлар, балки юқори нархлар билан ҳам бирга келади. Янги тартиблар уларнинг импортни мураккаблаштириб, кам даромадли аҳолига етиб бориш имкониятини камайтиради. Бу ҳақда кўплаб мутахассислар ҳам огоҳлантирмоқда.
Яна протекционизмми?
Эслатиб ўтамизки, 2025 йил 1 майдан бошлаб Ўзбекистонга импорт қилинадиган электромобиллар учун утилизация йиғимлари қуйидагича бўлади:
-
ёши уч йилгача бўлган автомобиллар учун – БҲМнинг 120 барвари (ҳозирда бу 45 миллион сўм);
-
уч йилдан катта автомобиллар учун – БҲМнинг 210 барвари (78,7 миллион сўм).
Бу 31 январь куни қабул қилинган ҳукумат қарорда кўрсатилган. Биринчи тоифа учун йиғим миқдори тўрт баробар, иккинчисида эса икки баробар ошган.
Божхона расмийлаштируви бўйича эксперт Дилшод Хоруновнинг айтишича, бу ўзгаришлар электромобилларни харид қилишни анча қийинлаштиради:
"Утилизация йиғимининг ўнлаб миллион сўмга ошиши аҳоли учун электромобилларни сотиб олишни камроқ фойдали қилади. Айниқса, бу бюджет сегментига қаттиқ таъсир қилади, чунки 600-700 километрга ҳаракатлана оладиган қиммат моделлар учун бу унчалик сезиларли бўлмайди".
Шу сабабли, унинг фикрига кўра, бу йиғимнинг ошиши импорт ҳажмининг камайишига олиб келиши мумкин.
"Одамлар муқобил вариантларни излашади ёки умуман хариддан воз кечишади", – деди эксперт.
Бу эса, ўз навбатида, маҳаллий автомобил ишлаб чиқарувчиларга фойда келтириши мумкин. Президент қарорга кўра, улар 2030 йилгача утилизация йиғимидан ва бутловчи қисмлар учун божхона тўловларидан озод қилинган.
Мутахассислар бу қарорни яна бир бор маҳаллий ишлаб чиқаришни ҳимоя қилиш чораси сифатида баҳолашмоқда. Иқтисодчилар Отабек Бакиров ва Юлий Юсупов ҳам шундай фикрда.
Материални тайёрлаш жараёнида аён бўлдики: ставкаларни ошириш масаласи жуда нозик ва ноқулай. Қарорни ижро этиш учун масъул этиб кўрсатилган вазирликларнинг ҳеч бири аниқ изоҳ бермади, фақат масъулиятни бир-бирига юклаш билан чекланди.
Ғилдиракларга тўсиқ қўйиш
Ўзбекистон стандартизация, метрология ва сертификатлаш агентлиги (Ўзстандарт) вакили анонимлик шарти билан мухбиримиз билан суҳбатда ташаббус Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиш интилиши туфайли божхона божларини оширишнинг имкони йўқлиги билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини маълум қилди. Шу муносабат билан утилизация йиғимини ошириш муқобил чора сифатида кўрилаётгани таъкидланди.
Бироқ, экспертлар утилизация йиғими билан боғлиқ ечим ЖСТ тамойилларига ҳам зид эканини таъкидламоқда.
"Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш бўйича эълон қилинган режалари ва бу жараённинг энг юқори сиёсий даражада фаоллаштирилганини ҳисобга олсак, юу жуда иккиюзламачи қадамдир”, – деб ёзмоқда Бакиров.
Шунингдек, иқтисодчи янги ҳукумат қарори ижроси Бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев зиммасига юклатилганини таъкидлади. Айни пайтда, айнан у Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши масаласини ҳам назорат қилмоқда.
"Ҳамкорларга импорт қилинган электромобиллар учун утиль йиғими оширилишини қандай тушунтиришмоқда, ҳолбуки, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар бундан озод қилинганку?"
Бундан ташқари, бу фақат давлат бюджетини тўлдиришнинг янги усули эмасми, деган савол ҳам туғилади.
Маблағлар қаерга кетмоқда?
Ўзбекистонда транспорт воситалари, жумладан, электромобиллар ва гибридлар учун утилизация йиғими 2020 йилда ҳукумат қарори билан жорий этилган. Уни ҳам жисмоний, ҳам юридик шахслар тўлайди. Шу билан бирга, 2019 йилдан буён электромобиллар акциз ва божхона божларидан озод қилинган. Тахминан шу йилдан бошлаб республикада ушбу бозор сегментининг фаол ривожланиш тарихи бошланган.
Шундан бери бу бозор жадал ўсиш суръатини намоён этмоқда: агар 2020 йилда мамлакатга 131 та электромобиль олиб кирилган бўлса, 2024 йилда бу рақам 24,1 мингтага етди.
Агар ушбу қоидалар ўтган йили амал қилганида, бюджетга тахминан бир триллион сўм келиб тушган бўлар эди. Эски тарифлар бўйича тушумлар атиги 245 миллиард сўмни ташкил этган. Ҳисоб-китоблар учун асос сифатида ўтган йилги БҲМ кўрсаткичи – 340 минг сўм олинган. Октябрда у 375 минг сўмгача ошган, шу боис импорт ҳажмлари сақланиб қолса, тушумлар янада катта бўлиши мумкин.
"Бюджетда ҳеч қачон утилизация йиғимидан келиб тушган маблағлар ҳамда уларнинг сарфланиши ҳақида маълумот на халқ, на парламент олдида очиқланган эмас ", – деди Отабек Бакиров.
Хўш, ушбу маблағлар қаерга кетмоқда? Мухбиримиз ушбу саволни жараён учун жавобгар бўлган Иқтисодиёт ва молия вазирлигига йўллади. Аммо ҳеч қандай жавоб берилгани йўқ.
Айни пайтда, Ўзбекистонда эски электромобилларни қайта ишлаш ва утилизация қилиш бўйича аниқ дастурлар кўзга ташланмаяпти. Аслида, улар умуман мавжуд эмас экан.
Ҳукуматдаги манбаларнинг таъкидлашича, ҳозирги кунда Марказий Осиё давлатларида, жумладан, Ўзбекистонда ҳам аккумулятор батареяларини қайта ишлаш ва утилизация қилиш заводлари мавжуд эмас. Бунинг сабаби шу вақтга қадар электр ва гибрид автомобиллар сони нисбатан кам бўлганидир. Бироқ вазият ўзгариб бормоқда.
"Айни пайтда мамлакатда 73 мингдан ортиқ электромобиль ва гибрид автомобиллар мавжуд. Кутилганидек, бу рақамлар ошади ва 2035 йилга бориб 15 минг тонна чиқинди вужудга келиши мумкин. Электромобил аккумуляторининг оғирлиги 300-400 килограммни ташкил қилади. Унинг таркибида қўрғошин, литий ва бошқа зарарли моддалар мавжуд бўлиб, бу атроф-муҳит учун экологик хавфни оширади", – деди манба.
Шу сабабли утилизация йиғимидан тушган маблағлар аккумуляторларни қайта ишлаш инфратузилмасини яратиш ва ривожлантиришга йўналтирилади.
Тегишли тартибни ишлаб чиқиш Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигига топширилган бўлиб, у икки ой ичида тайёрланиши керак. Бироқ зарур инфратузилманинг яратилиши тез орада амалга ошмайди.
"Аккумулятор батареяларини утилизация қилиш заводларини қуриш узоқ муддатли лойиҳа бўлиб, у илмий тадқиқот ишларидан тортиб қайта ишлашнинг энг самарали технологияларини аниқлаш (ҳозирда 7 хил усул мавжуд), лойиҳалаштириш, тегишли ускуналарни ишлаб чиқариш, малакали кадрларни тайёрлаш ва бевосита заводларни қуриш ҳамда ишга тушириш каби босқичларни ўз ичига олади", – деди манба.
Утиль йиғими миқдори қайта кўриб чиқиладими, деган саволга, бу имконият фақат керакли ҳажмдаги аккумулятор батареяларини қайта ишлашга қодир инфратузилма яратилгандан сўнг пайдо бўлиши таъкидланди.
Аккумулятор батареяларининг хизмат муддати 8-20 йилни ташкил этади ва илк электромобиллар мамлакатга олти йил олдин олиб кирилганини ҳисобга олсак, ҳукуматда утилизация механизмларини йўлга қўйиш учун ҳали вақт бор. Аммо кўпчиликни ҳали ҳам бир савол ташвишга солмоқда: ростдан ҳам бу ташаббус атроф-муҳитни ҳимоя қилиш учунми ёки бу яна бир томонлама ўйинми?
Эслатиб ўтамизки, ўтган йили ADM Jizzakh (Kia ва Chery ишлаб чиқаради) компаниясининг бош директори Дониёр Давлетияров Ўзбекистонда электромобилларни импорт қилишда божхона божларини қайта жорий этиш таклифини билдирган эди. Унинг сўзларига кўра, автомобиль бозори "ортиқча тўйинган ва қизиб кетган".
Маълумот учун: Германия, Хитой, Норвегия, Франция, Жанубий Корея ва Японияда электромобиллар учун утилизация йиғими экологик сиёсатнинг бир қисми сифатида жорий этилган бўлиб, электромобиллар бозори ортиб бораётган шароитда чиқиндиларни самарали бошқаришни таъминлашга қаратилган. Бироқ, бу турдаги йиғимни ҳали жорий этмаган давлатлар ҳам мавжуд. Масалан, Қозоғистонда утилизация йиғими тўланмайди. У ерда бу чора яшил транспортни ривожлантиришни рағбатлантириш воситаси сифатида баҳоланади, чунки у электромобилларни арзонлаштиради. 2024 йил декабрь ҳолатига кўра, қўшни мамлакатда электромобиллар сони 12,5 минг донага етган.
Изоҳлар мавжуд емас