Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. 2–3 май кунлари Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида ёғингарчиликли ва ўзгарувчан об-ҳаво сақланиб қолади. Синоптиклар маълумотига кўра, айрим жойларда момақалдироқ кузатилиб, тоғли ҳудудларда сел-сув тошқинлари юзага келиши эҳтимоли бор.
Республика бўйлаб кундузги ҳаво ҳарорати асосан 22–25 даража атрофида бўлади. Кечаси эса ҳаво бироз салқинлаб, баҳорга хос нам ва беқарор муҳит ҳукм суради.
Ҳудудлар кесимида, Тошкент шаҳрида шанба ва якшанба кунлари вақти-вақти билан ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Ҳаво ҳарорати кечаси 13–15 даража, кундузи 22–24 даражани ташкил этади. Шунингдек, 2 май куни шамол тезлиги 10–12 м/с гача кучайиши кутилмоқда.
Қорақалпоғистон ва Хоразм ҳудудларида эса ёғингарчилик кутилмайди, об-ҳаво нисбатан барқарор бўлиши прогноз қилинмоқда.
Бошқа ҳудудларда, жумладан Бухоро ва Навоий вилоятининг жанубий қисмларида айрим жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин.
Мутахассислар айниқса тоғ олди ва тоғли ҳудудларда яшовчиларни эҳтиёткор бўлишга чақирмоқда. Ёмғирлар билан бирга сел-сув тошқинлари юзага келиши хавфи сақланиб қолмоқда. Умуман олганда, дам олиш кунларида республика бўйлаб об-ҳаво баҳорга хос беқарор характерда бўлиши кутилмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас