Загрузка
Загрузка
Санжар Каримовнинг адвокатлари ўз ҳимоясидаги шахсни барча айбловлар бўйича оқлашни талаб қилмоқда. Суд мунозараларидан тафсилотлар
Ҳодисалар

Санжар Каримовнинг адвокатлари ўз ҳимоясидаги шахсни барча айбловлар бўйича оқлашни талаб қилмоқда. Суд мунозараларидан тафсилотлар

17
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Мирзо Улуғбек туман судида сўнгги ойларнинг энг шов-шувли ишларидан бири — блогер ва тадбиркор Санжар Каримов (Real Sanjik) иши бўйича томонларнинг суд мунозаралари бошланди. Фирибгарлик, ўлдириш билан қўрқитиш ва гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласида айбланаётган судланувчи дастлабдан ўз айбсизлигини таъкидлаб келмоқда. Адвокатлар айнан шу позицияни ҳимоя қилишди, прокурор эса суддан Каримовга нисбатан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлашни сўради.

Аввалги мажлисларда нималар юз берган эди?

Аввалги тингловларда суд айблов томонининг иккита асосий позицияси билан танишди. 10 апрель куни бўлиб ўтган биринчи мажлисда Шаҳзод  Рисматовнинг (аввалроқ 9 йилга озодликдан маҳрум этилган) онаси Феруза Рахматуллаева мазкур суд жараёнини судланувчи томонидан кўп йиллик босимнинг натижаси деб атади. Шунингдек, можаронинг иқтисодий қисми ўрганилди.

13 апрель куни бўлиб ўтган иккинчи мажлис  Алимбоевлар оиласининг муаммоларига бағишланди. Оила бошлиғи Шахло  Алимбоева улар қандай қилиб уй-жойидан айрилиб қолгани ҳақида батафсил сўзлаб берди. Тергов маълумотларига кўра, 2024 йил август ойида Шаҳзод Рисматов бўлажак қариндошларини молиявий муаммоларни ҳал қилиш учун уйни вақтинча гаровга қўйишга кўндирган. Бироқ нотариусда гаров шартномаси ўрнига Санжар Каримов номига олди-сотди шартномаси расмийлаштирилган.

Иш ҳужжатларига кўра, Каримов уйни 150 минг долларга сотиб олган, яна 70 минг доллар эса иккита BMW автомобили гарови эвазига олинган. Рисматов пулларни олиб, Дубайга яширинган, уй эса кейинчалик Каримовнинг жиянига расмийлаштирилган. Ҳимоя томони компенсация сифатида суднинг депозит ҳисоб рақамига 240 минг доллар киритишни таклиф қилганига қарамай, жабрланувчи томон бундан бош тортди. Шахло  Алимбоев а: "Мен компенсация олишни эмас, ўз уйимда яшашни истайман", — дея баёнот берди. Санжар Каримовнинг ўзи ўша пайтда кўрсатма беришдан тийилиб, суддан тайёргарлик учун вақт сўраган эди.

17 апрель куни бўлиб ўтган учинчи мажлисда суд Санжар Каримовнинг таҳдидлар эпизоди бўйича кўрсатмаларини тинглади. Судланувчи Феруза Рахматуллаеванинг манзилига ҳақоратли сўзлар айтганини тан олди ва суд залида ундан омма олдида узр сўради, бироқ ўлдириш билан қўрқитиш айбловларини кескин рад этди. У ўз агрессиясини Рисматов билан узоқ давом этган можаро билан изоҳлади. Рисматов унга гаров эвазига ўзгаларнинг автомобилларини бериб, ўзи яширинганини даъво қилмоқда.

Ўз навбатида, жабрланувчи томон қўшимча далилларни тақдим этди: Феруза Рахматуллаева судга телефон сўзлашувлари ёзувларини топширди, унинг сўзларига кўра, уларда руҳий босим ўтказиш ҳолатлари қайд этилган. Ҳимоя томони ушбу материалларнинг қонунийлигига эътироз билдирганига қарамай, суд уларни иш ҳужжатларига қўшиб қўйди. Жабрланувчининг қизи Жамила  Алимбоева ҳам кўрсатма бериб, уй билан боғлиқ битимнинг хронологиясини батафсил тиклаб берди ва ўз куёвининг ғойиб бўлиш ҳолатларига ойдинлик киритди.

Тўртинчи мажлис навбатдаги процессуал ўзгаришлар билан бошланди: ишда яна давлат айбловчиси алмашди, Санжар Каримовнинг адвокатларидан бири эса четлаштирилди. Ушбу ўзгаришларга қарамай, жараён иштирокчилари мажлисларни давом эттиришга қаршилик билдирмадилар ва суд янгиланган иш режасини тасдиқлади. Залда нотариус ва унинг ёрдамчиси ўз навбатини кутиб турган бўлса-да, асосий гувоҳ – Шаҳзод  Рисматовни сўроқ қилишга устуворлик беришга қарор қилинди.

Мирзо Улуғбек туман судида Санжар Каримов (Real Sanjik) иши бўйича бешинчи мажлис шов-шувли жанжал ва мулкий можародаги кутилмаган бурилиш билан ёдда қолди. Жараён блогер Ҳайдар Алиевни (Gonzo) "ахборот терроризми"да айблаб, суд залидан чиқариб юбориш билан бошланган бўлса-да, у томонларнинг низоли уйни  Алимбоев лар оиласига рамзий 1 сўм эвазига қайтаришга розилиги билан якунланди. Шу билан бирга, судланувчи илк бор ундан топилган гиёҳвандлик воситаларининг келиб чиқишини очиқлади ва уларни марҳум отасидан АҚШдан қолган "тиббий мерос" деб атади ҳамда оғир стресс фонида уларни истеъмол қилганини тан олди.

Олтинчи мажлисда эса асосий эътибор тинтув пайтидаги процессуал қоидабузарликларга, судланувчининг манипуляцияларини фош этишга ва мулкни қайтариш масаласига қаратилди. Эксперт сўроғи аниқладики, олиб қўйилган гиёҳвандлик воситалари тамаки билан аралаштирилган, бироқ ИИБ лабораториясида зарур ускуналар йўқлиги сабабли уларнинг "соф вазни" аниқланмаган. Ҳимоя томони қонунга кўра жиноят оғирлиги аралашмаларни ҳисобга олмасдан белгиланиши кераклигини ва тинтув қўпол қоидабузарликлар билан ўтказилганини, тезкор ходимлар тергов гуруҳи таркибига кирмаганини ҳамда тегишли ваколатларга эга бўлмаганини таъкидлади. Бундан ташқари, адвокатлар протоколда гиёҳвандлик воситаларини топган шахс сифатида қайд этилган ходимнинг кўрсатмаларидаги зиддиятларга ишора қилишди – у судда фақат "сувенир қиличларни" кўрганини айтган.

Суд залида Каримовнинг жабрланувчи Рахматуллаева билан телефон сўзлашувлари тингланди, унда Каримов аёлга ўғлини айбдан озод қилиш бўйича кўрсатмалар берган. Каримов унга нисбатан айтган ҳақоратлари "нейротармоқлар" томонидан яратилгани ҳақидаги гаплари ёлғон эканини тан олди ва буни қамоқдан қўрқиб, "кўзбўямачилик қилиш"га уриниш билан изоҳлади. Унинг жабрланувчини тинчлантириш учун ҳатто "Трампдан салом" етказиб беришга ҳам тайёрлиги ҳақидаги гапи судда кескин муносабатга сабаб бўлди.

Суд илтимосномани қисман қаноатлантирди ва  Алимбоев лар оиласининг уйига қўйилган хатловни вақтинча бекор қилиб, кўчмас мулкни унинг қонуний эгасига қайтариш учун битим тузишга рухсат берди. Томонлар уйни олди-сотди шартномаси орқали қайтаришга келишиб олдилар. Шу йилнинг 30 апрель куни  Алимбоев лар оиласи ўз уйини расман қайтариб олди.

Гаров ёки фирибгарлик?

Ҳимоя томони ўз нутқини айблов мантиқини бутунлай ўзгартириши кутилаётган принципиал тезис билан бошлади: суд залида кўрилаётган иш жиноят иши эмас, балки фуқаролик-ҳуқуқий низодир. Ҳимоячининг версиясига кўра, содир бўлган ҳодиса моҳияти жуда оддий: Рисматов Каримовдан 240 минг доллар олган ва бу битимга  Алимбоев алар оиласининг уйи гаров сифатида расмийлаштирилган. Адвокат бундай амалиёт Ўзбекистонда кенг тарқалганини, одамлар қарз бериб, кафолат сифатида кўчмас мулкни ўз номига расмийлаштиришини ва буни жиноят деб аташ кундалик фуқаролик муомаласини жиноийлаштириш билан баробар эканини таъкидлади.

Қонун нормаларига таяниб, ҳимоячи судни гаров орқали исталган ҳақиқий мажбурият (қарз, банк кредити ёки олди-сотди шартномаси) таъминланиши мумкинлигини эслатди. Ушбу ҳуқуқий конструкцияда  Алимбоевлар оиласи ихтиёрий равишда "ашёвий кафил" ролини зиммасига олган ва ўз мулкини учинчи шахснинг қарзи эвазига тақдим этган. Адвокат бу борада очиқчасига шундай деди: "Қонун қаттиқ бўлиши мумкин, аммо у барибир қонундир".

Ҳимоянинг мантиқи изчил қурилган: уйни сақлаб қолиш учун  Алимбоевлар Рисматовнинг қарзини мустақил равишда тўлаб, сўнгра бу маблағларни ундан фуқаролик ёки жиноий тартибда ундириб олишлари мумкин эди. Адвокат оиланинг тўғридан-тўғри фойда кўрмаганлиги "судланувчининг айбига автоматик далил бўла олмаслигини" алоҳида қайд этди.

Ихтиёрийлик масаласига ўтиш учун нотариусда ўтган жараён батафсил баён қилинди. Ҳимоячи суд эътиборини ҳужжатни уч нафар муомалага лаёқатли катта ёшли инсон — Шахло  Алимбоева, унинг турмуш ўртоғи ва вояга етган қизи имзолаганига қаратди. Улар ҳужжатни ўқиб, мазмунини англаб, имзоларининг ҳуқуқий оқибатларини тушунишган. Адвокатнинг аргументи ультиматумдек янгради: "Агар уларнинг бирортаси бош тортганида, бу битим ҳам, бу жиноят иши ҳам бўлмасди".

"Агар шу имзолар бўлмаганида, Каримов Рисматовга асло пул бермасди", — деди ҳимоячи ва айнан унинг мижози,  Алимбоев лар оиласи эмас, балки бу ҳикояда жабрланувчи эканини, чунки у "бегона кафилликка ишониб, эвазига катта миқдордаги маблағни берганини" таъкидлади.

Ҳимоя томони судни хавфли прецедентдан огоҳлантирди: "Агар шундай гаров битимлари фирибгарлик деб малакалана бошласа, мамлакатдаги ҳар қандай шу каби шартнома бир зумда жиноий таъқибга айланиши мумкин".

Фирибгарликнинг асосий белгилари — алдов ва ишончни суиистеъмол қилиш йўқлигини таҳлил қилар экан, адвокат Каримов ҳақиқий пул маблағларини тақдим этганини ва улар Рисматовнинг учинчи шахс олдидаги қарзини қоплашга йўналтирилганини таъкидлади. Ҳимоя фикрича, бу ҳикояда айнан Каримов жабрланувчи бўлган: "Рисматов профессионал фирибгар сифатида уй эгаларини алдаган ва Каримовдан молиялаштириш манбаи сифатида фойдаланган". Рисматовнинг ҳозирги жараёнда фақат гувоҳ сифатида иштирок этиши эса, ҳимоячилар сўзларига кўра, ҳуқуқий абсурддир.

Уйни Олимбоевлар оиласига қайтаришга келсак, адвокат бу қадамни айбни тан олиш деб эмас, балки "инсоний чарчоқ ифодаси" — яъни медиа ва оила томонидан бўлаётган босим натижаси деб талқин қилди. У Каримов мулкни Жиноят кодексининг 168-моддаси бўйича зарарни қоплаш билан боғлиқ бўлмаган ҳолда, ихтиёрий равишда қайтарганини алоҳида таъкидлади.

"Ярадор ҳайвоннинг қичқириғи"

Жиноят кодексининг ўлдириш ёки зўравонлик ишлатиш билан қўрқитишга оид 112-моддаси бўйича эпизодга ўтар экан, ҳимоя Каримов ва Рахматуллаева ўртасидаги телефон суҳбати ёзуви ўз қўполлиги ва ҳиссий қатъиятлигига қарамай, "жиноий таркибни ҳосил қилмаслигини" исботлашга уринди.

Адвокатнинг фикрича, ушбу модда бўйича айблаш учун ҳаёт учун реал хавф туғилиши керак, ҳозирги вазиятда эса гап фақат "ўткир ҳиссий ҳолат туфайли" юзага келган вербал агрессия ва вазият тақозоси билан айтилган сўкинишлар ҳақида бормоқда. Бу тезиснинг тасдиғи сифатида ҳимоячи воқеалар хронологиясига мурожаат қилди: телефон суҳбати ва Каримовнинг ҳибсга олиниши ўртасида бир йил ўтган ва шу вақт ичида судланувчи ўз ниятларининг жиддийлигини кўрсатувчи биронта ҳам ҳаракат қилмаган. Адвокатнинг мантиқига кўра, узоқ вақт давомида амалга ошмаган таҳдид "ўз ҳуқуқий кучини йўқотади ва жиноий таъқиб учун асос бўла олмайди".

Иккинчи адвокат ҳимоя линиясини давом эттирган ҳолда, айбловни асоссиз деб атади ва уни терговнинг "андозавий" (шаблон) хулосаларига асосланган деб баҳолади. У Каримов телефон қўнғироғига қадар Рахматуллаевани умуман танимагани, унинг манзили ва иш жойини билмаслиги ҳамда у билан ҳеч қачон учрашмаганини таъкидлади. Бу эса улар ўртасидаги "узоқ давом этган келишмовчиликлар" ҳақидаги версияни бутунлай инкор этади.

Ҳимоя позициясига кўра, суҳбат ташаббускори судланувчи эмас, балки Олимбоевлар оиласининг қизи Жамила бўлган. Гўёки, у Каримовдан ёрдам сўраб мурожаат қилган ва оиласи Рисматовнинг алдови қурбони бўлиб, кўчада қолиши мумкинлигини, Рисматовнинг онаси Рахматуллаева эса турли баҳоналар билан пулни қайтаришни атайлаб чўзаётганини тушунтирган. Айнан Жамила ўз телефонидан Рахматуллаеванинг рақамини териб, Каримовдан оиласига уй сотувидан тушган маблағни қайтариб олишга ёрдам бериш учун "қатъийроқ гаплашишни" илтимос қилган. Судланувчи эса Олимбоевларнинг аҳволи оғирлигини тушуниб, бу суҳбатга "фақат уларга бўлган ҳамдардлик туфайли" рози бўлган.

Суд мунозараларида асосий далил — аудиоёзув танқиди муҳим ўрин эгаллади. Ҳимоя уни атайлаб кесилган ва терговга бузилган ҳолда тақдим этилган деб ҳисоблайди, чунки стенограмма саломлашув ва кириш қисмидан ўтиб, дарҳол Рахматуллаеванинг гапидан бошланади. Адвокат кесилган фрагментда Каримов ўзини таништиргани ва конструктив мулоқот олиб боришга уринганини, можаро эса Рахматуллаева уйни қайта расмийлаштиришдан ва ўғли олган пуллардан хабардорлигини ҳамда бу пулни "ўз бизнесига сарфлаганини" тан олганидан сўнг ўткир тус олганини таъкидлади. Рахматуллаева ўша вақтда бизнес ишлари "у қадар яхши эмаслигини", шу сабабли Олимбоевлар оиласига қарзни ўз вақтида қайтара олмаслигини тушунтирган. Шу билан бирга, Рахматуллаева ўз уйини (у 700 минг долларга баҳолаган) бозор нархидан арзонроқ сотмоқчи эмаслигини, чунки ўзгаларнинг қарзини тўлаб, кўчада қолишни истамаслигини айтган.

Ҳимоя Рахматуллаева суҳбат давомида Каримовнинг устидан масхараомуз кула бошлаганига эътибор қаратди. Каримовнинг пулни қайтариш кераклиги ҳақидаги сўзларига у: "Буни ўзинг қилдинг, ўзинг сўраб олдинг" ва "Хоҳлаганингни қил, қайтариб бўлмаяпти", қабилидаги гаплар билан жавоб қайтарган.

Айнан шу кинчилик билан ёндашув 240 минг доллар йўқотиш ҳисси фонида Каримовда адвокатлар "қалб ғазаби" ва оғир психоэмоционал синиш деб таърифлаган ҳолатни юзага келтирди. Ҳимоя фикрича, бу бақириқлар улкан мулкдан айрилишга бўлган ҳиссий реакция эди ва "ҳақиқий қотиллик содир этиш нияти билан ҳеч қандай алоқаси йўқ эди".

Судланувчининг ҳиссий синишини ҳимоя томони образли ва аниқ таърифлади — "ярадор ҳайвоннинг қичқириғи": "Бу ўзгаларнинг фирибгарлиги сабабли 240 минг долларини йўқотганини энди англаган ва телефоннинг нариги учида унга пулни ҳеч ким қайтармаслигини айтишаётган одамнинг гапи". Адвокат Каримов чуқур психоэмоционал стресс ҳолатида бўлганини ва тергов жиноий жазоланадиган таҳдид деб талқин қилаётган нарса аслида "тарбиясизлик"нинг бир кўриниши — яъни ўта қўпол, лекин жиноий эмас эканини таъкидлади. Далил сифатида ҳимоя суҳбат стенограммасидан иқтибос келтирди, унда судланувчининг ўзи: "Мен таҳдид қилмаяпман, ўз ҳаққимни сўраяпман", деб айтган.

Ҳимоя Каримовда жиноий ният бўлмагани воқеадан кейинги томонларнинг хатти-ҳаракатлари билан ҳам тасдиқланишини таъкидлади: ҳодисадан кейин Рахматуллаева у билан бетараф ҳудудда хотиржам мулоқот қилган, бу эса унинг ўз ҳаётидан чин дилдан қўрққани ҳақидаги версияни инкор этади. Адвокат суд эътиборини психолог-лингвистик экспертизани тайинлашнинг асоссиз рад этилиши судланувчи сўзларининг ҳақиқий маъносини аниқлаш имкониятини йўққа чиқарганига қаратди, бу сўзлар аслида фақат ҳақорат қилиш ҳақидаги маъмурий моддага тўғри келади. Ушбу бўлим якунида ҳимоя Рахматуллаевани Каримовни шарманда қилиш ва жамоатчилик эътиборини ўғлининг қилмишларидан чалғитиш мақсадида ижтимоий тармоқларда кесилган ёзувни атайлаб тарқатганликда айблади.

Аудиоёзувни иш ҳужжатларига қўшиш билан боғлиқ процессуал қоидабузарликлар алоҳида ва кескин танқид қилинди. Олий суд Пленумининг 24-сонли қарорига таянган ҳолда, ҳимоячи ариза билан бирга тақдим этилган ҳар қандай ёзув фақат тергов уларни ким, қачон ва қандай ҳолатда ёзиб олганини расман аниқлаган тақдирдагина мақбул далил деб ҳисобланиши мумкинлигини кўрсатди. Бу ишда эса ушбу талаблар шунчаки эътиборсиз қолдирилган: Рахматуллаева ёзувнинг ҳолатлари бўйича тегишли тарзда сўроқ қилинмаган, терговчи эса файлни ашёвий ёки рақамли далил сифатида ишга қўшиш бўйича мажбурий қарор чиқармаган. Адвокат тергов органларидаги ўз иш тажрибасига таяниб, "бундай фундаментал хатоларни иш судга топширилгандан кейин ортга қараб тўғрилаб бўлмайди, демак, ёзув айблов ҳукмига асос бўла олмайди ва бўлмаслиги керак", деб таъкидлади.

112-модда бўйича иш юритишни тўхтатишни талаб қилган ҳимоячи Конституциянинг 28-моддаси ва Жиноят-процессуал кодексининг 23-моддасида мустаҳкамланган айбсизлик презумпцияси принципига мурожаат қилди ва тақдим этилган материалларнинг ҳақиқийлиги ва тўлиқлигига оид барча бартараф этиб бўлмайдиган шубҳалар фақат Каримов фойдасига талқин қилиниши кераклигини таъкидлади.

Оператив ходимларнинг "ит сезгиси"

Мунозараларнинг энг техник жиҳатдан мураккаб ва ўткир қисми гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ эпизод муҳокамаси бўлди. Ҳимоя томони далилларни юридик жиҳатдан ҳақиқий эмас деб топиш учун процессуал бузилишларни исботлашга уринди. Адвокатларнинг таъкидлашича, 2025 йил 27 ноябрда ўтказилган тинтув бир вақтнинг ўзида олтита объектни, жумладан, ертўлаларни ҳам қамраб олган, ҳолбуки суд ажримида фақат битта хонадон кўрсатилган. Ҳимоя версиясига кўра, вазият парадоксал: суд ажрими тинтувдан бир кун кейин — 28 ноябрда чиқарилган, прокурорни огоҳлантириш эса иш ҳужжатларида умуман йўқ.

Ҳимоячилар тинтув пайтида Каримов терговчи ҳузурида бўлганини, процедура эса унинг иштирокисиз, қонун талабларига зид равишда ўтказилганини таъкидлади. Маълумотларга кўра, баённомалар воқеа жойида эмас, кейинчалик кабинетда тузилган, воқеа жойидан олинган видеоёзувлар эса ўчириб ташланган. Адвокатларнинг сўзларига кўра, гиёҳвандлик воситаларини топган икки нафар тезкор вакил баённомаларда қайд этилмаган ва фақат "оғзаки топшириқ" асосида ҳаракат қилган.

Тинтувда шахсан қатнашган адвокатлардан бири судга ходимлардан бири яқиндагина текширилиб, "тоза" деб топилган жойдан тақиқланган моддаларни "бурни билан сезгани" ҳақида сўзлаб берди. Ҳимоячининг ғазаби шунчалик катта эдики, у "тезкор ходимларнинг ит сезгисига" асосланган ҳаракатларни ўз имзоси билан қонунийлаштиришни истамай, "баённомага имзо чекишдан намойишкорона бош тортди".

Ҳимоя ва Каримовнинг ўзининг сўзларига кўра, топилган моддалар судланувчининг марҳум отасига тегишли бўлган: "Ҳатто уларни ўн кунми, қирқ кунми сақлаган бўлса ҳам, отаси вафот этганидан 40 кун ўтиб топилган бўлса, бу уни келажакда сотиш мақсадида сақлаганликда айблаш учун асос бўла олмайди". Ҳимоя Каримовнинг сотиш билан боғлиқ фаолияти ўрганилмаганини тасдиқлаган тезкор ходимларнинг кўрсатмаларига таянди.

Мунозараларни якунлар экан, барча уч адвокат суддан ягона талаб билан мурожаат қилди: Санжар Каримовни барча айбловлар бўйича оқлаш ва ҳибсдан дарҳол озод қилиш. Улар буни медиа шов-шувлар ёки ташқи босимга эмас, балки фақат исботланган фактлар ва қонун нормаларига асосланишга чақиришди.

Адвокат сўзини якунлар экан, холисликка даъват қилди ва ўз позицияси "машҳур одам ёнида туриб машҳур бўлиш истаги эмас, балки фақат одил судлов манфаатлари ва далилларни батафсил ўрганиш" билан белгиланганини таъкидлади. У залдаги матбуотнинг борлиги ижобий омил эканини, чунки журналистлар жараённи бошидан охиригача кузатиб, маълумотни халққа холисона етказишга ҳаракат қилаётганини айтди.

Ҳимоячи раислик этувчини ташқи таъсирга берилмасликка чақириб, шундай деди: "Оқлов ҳукмини чиқарсам, эртага шов-шув бўлади, деган саволлар туғилади деб ўйламайман". Ҳимоя фикрича, қарор қабул қилишда суд "блогерларнинг турли фикрларига" эмас, балки фақат "тўпланган далилларнинг мақбуллигига" ва гувоҳларнинг кўрсатмаларига таяниши керак. Нутқ якунида адвокат ҳимоясидаги шахсни тўлиқ оқлашни ва суд залида озод қилишни ёки фақат жарима қўллашни талаб қилди.

Кейинги суд мажлиси 8 май кунига белгиланди.

 

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...