Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Дунё бозорида электрон қурилмалар нархлари яна ошиши мумкин. Бунга Хитойда дисплейлар ишлаб чиқаришда қўлланиладиган поляризация плёнкалари нархининг тахминан 10 фоизга ошиши сабаб бўлиши кутилмоқда.
Маълум қилинишича, Хитой мазкур маҳсулотнинг жаҳон бозоридаги 71,3 фоизлик улушини назорат қилади. Шу боис у ердаги нарх ўзгариши телевизор, монитор, смартфон ва бошқа электрон қурилмалар ишлаб чиқариш харажатларига бевосита таъсир кўрсатади.
Нархларнинг ошишига Ҳўрмуз бўғозидаги инқироз туфайли юзага келган логистика муаммолари сабаб бўлган. Бу эса кимёвий хомашё қийматининг 15 фоизга қимматлашишига олиб келган. Поляризация плёнкаси таннархининг қарийб 80 фоизи хомашё ҳиссасига тўғри келиши боис, ишлаб чиқариш харажатлари ҳам сезиларли даражада ошган.
Ишлаб чиқарувчилар қўшимча харажатларни телевизор, монитор ва смартфон дисплейларини харид қилувчи компаниялар зиммасига юкламоқда. Натижада бу ўзгаришлар якуний маҳсулотлар нархига ҳам таъсир қилиши мумкин.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, Хитой ҳозирча ички имкониятлар ҳисобидан вазиятни барқарорлаштира олмаяпти, чунки мазкур маҳсулотни ишлаб чиқариш учун зарур бўлган хомашёнинг 90 фоиздан ортиғи импорт қилинади. Мамлакатда маҳаллий ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ишлари олиб борилаётган бўлса-да, тўлиқ тижорат ишлаб чиқариши ва нархлар барқарорлашуви 2027 йилдан эрта кутилмаяпти. Шу вақтгача электрон қурилмалар нархи ўсишда давом этиши мумкин.

Изоҳлар мавжуд емас