Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Швейцариянинг UBS Group AG банкининг навбатдаги йиллик ҳисоботига кўра, 2025 йил якунлари бўйича дунёдаги доллар миллиардерлари сони тарихдаги энг юқори кўрсаткичга етиб, 3 302 нафарни ташкил қилди. Бу ўтган йилга нисбатан 383 нафарга ёки 13,1 фоизга кўпдир.
Ҳисоботда қайд этилишича, миллиардерларнинг энг катта қисми АҚШда яшайди. Мамлакатда мингдан ортиқ миллиардер мавжуд. Кейинги ўринларда Хитой (562 нафар), Ҳиндистон (211 нафар), Германия (193 нафар) ва Россия (122 нафар) жойлашган. Ушбу давлатлар миллиардерлар сони 100 нафардан ошган мамлакатлар ҳисобланади.
Таҳлилларга кўра, аксарият миллиардерларнинг бойлиги 50 миллиард доллардан кам. Шу билан бирга, 18 нафар миллиардернинг бойлиги 50–100 миллиард доллар оралиғида баҳоланган. Яна 19 нафарнинг мулки 100 миллиард доллардан ортиқ бўлиб, уларнинг 15 нафари АҚШ фуқароларидир.
Ҳисоботга мувофиқ, 2026 йилда дунё миллиардерларининг умумий бойлиги ўтган йилга нисбатан 25 фоизга ошган.
Шунингдек, таҳлилда қайд этилишича, 2025 йилда жаҳон бўйича умумий шахсий бойлик 10 фоизга ўсган. Бу сўнгги йиллардаги энг юқори ўсиш суръатларидан бири ҳисобланади. UBS мутахассислари бу ўсишни молия бозорларидаги ижобий ҳолат ва номолиявий активлар қийматининг ошиши билан изоҳламоқда.
Бироқ ҳисоботда бойликнинг ўртача (медиан) даражаси таҳлили дунёдаги энг бой инсонлар билан аҳолининг қолган қисми ўртасидаги иқтисодий тафовут тобора ортиб бораётганини ҳам кўрсатган. Бу эса глобал бойлик тақсимотидаги тенгсизлик муаммоси сақланиб қолаётганини англатади.
Эслатиб ўтамиз, америкалик тадбиркор ва SpaceX асосчиси Илон Маскнинг бойлиги 1 триллион долларлик чегарадан пастга тушганди. Bloomberg Billionaires Index маълумотларига кўра, ҳозирда бизнесменнинг умумий капитали 957 миллиард долларни ташкил этмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас