Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Президент Шавкат Мирзиёев бугун Сергели туманига ташрифи доирасида аҳолини хатловдан ўтказишнинг дастлабки натижаларига асосан тумандаги демографик ҳолат ҳақидаги маълумотларга аниқлик киритди. Илгари туманда 181 минг нафар аҳоли яшайди деб ҳисобланган бўлса, хатлов якунларига кўра, бу ерда амалда 236 минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қилиши маълум бўлди. Бу аввалги расмий ҳисоб-китобларга нисбатан қарийб 55 минг нафарга кўпдир.
Қайд этилишича, яқин йилларда Сергели тумани аҳолиси 300 минг нафардан ошиши кутилмоқда. Шу муносабат билан мутасаддиларга уй-жой қурилиши, мактабгача таълим муассасалари, мактаблар, поликлиникалар ҳамда янги иш ўринлари сонини аҳоли ўсишига мос равишда кўпайтириш бўйича олдиндан пухта режалар ишлаб чиқиш топширилган.
Маълум қилинишича, жорий йилда Сергели туманини ривожлантириш учун давлат бюджети ҳисобидан 173 миллиард сўм, банклар орқали эса 2 триллион 200 миллиард сўм маблағ ажратилган. Туман раҳбариятига ушбу ресурслардан самарали фойдаланиб, иқтисодиётда қўшилган қиймат ҳажмини 2–3 баробарга ошириш вазифаси юклатилган.
Шунингдек, 2026 йилда туман ҳокимликлари томонидан умумий қиймати 9 миллиард долларлик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш белгиланган. Сергели туманига ўтган беш ойда 236 миллион доллар инвестиция жалб қилинган бўлса, йил якунига қадар яна 60 та янги лойиҳани бошлаш орқали қўшимча 750 миллион доллар инвестиция жалб этиш режалаштирилган.
Йиғилишда пойтахтда саноат корхоналарини жойлаштиришда ер майдонлари етишмаслиги асосий муаммолардан бири экани таъкидланган. Шу муносабат билан "Янги авлод" саноат зонасидан Тошкент шаҳрининг барча 12 та тумани учун ер ажратиш ҳамда инвестиция, саноат, экспорт, иш ўринлари ва бюджет тушумлари кўрсаткичларини лойиҳани амалга оширган туман ҳисобига ёзиш тартибини жорий этиш бўйича топшириқлар берилган.

Изоҳлар мавжуд емас