Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Айрим солиқ тўловчиларнинг банк ҳисобварақларидан такрорий инкассо топшириқномалари асосида маблағлар ечиб олингани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан Солиқ қўмитаси расмий муносабат билдирди.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга кўра, айрим тадбиркорлар ва солиқ тўловчилар ижтимоий тармоқларда банк ҳисобварақларидан маблағлар такрорий инкассо топшириқномалари асосида ечиб олинганидан норозилик билдиришган. Улар ҳисобварақларидан кутилмаган ҳолда маблағлар ечилгани, бу эса айланма маблағлар билан боғлиқ муаммоларни келтириб чиқарганини ёзиб қолдиришган. Қисқа вақт ичида бу ҳолат кенг муҳокама қилиниб, кўплаб тадбиркорлар вазиятга расмий изоҳ берилишини талаб қилган.
Солиқ қўмитаси ушбу ҳолат юзасидан расмий ахборот бериб, бу солиқ тўловчиларнинг шахсий ҳисобварақ маълумотларини вилоят солиқ бошқармаларидан ҳудудий солиқ инспекцияларига ўтказиш жараёнида юзага келган техник носозлик оқибати эканини маълум қилган.
Қўмитага кўра, носозлик сабаб айрим солиқ тўловчиларнинг банк ҳисобварақларига такрорий инкассо топшириқномалари юборилган. Шундан кейин такрорий қўйилган инкассо топшириқномаларини ижросиз қайтариш ва ечилган маблағларни эгалари ҳисобварақларига қайтариш бўйича тезкор чоралар кўрилган.
Маълум қилинишича, маблағлар автоматик тарзда қайтарилган бўлиб, бунинг учун солиқ тўловчилардан қўшимча мурожаат талаб этилмаган. Шунингдек, тижорат банкларида ҳали ижро этилмаган такрорий инкассо топшириқномалари ҳам чақириб олинган.
Кейинчалик Солиқ қўмитаси қўшимча расмий ахборот бериб, техник хатолик сабаб такрорий инкассо топшириқномалари орқали ечиб олинган маблағлар тўлиқ қайтарилганини маълум қилган.
Қўмита юзага келган ноқулайликлар учун солиқ тўловчилардан узр сўраб, қўшимча саволлар юзасидан фуқаролар "Қайта алоқа" тизими орқали мурожаат қилишлари мумкинлигини билдирган.

Изоҳлар мавжуд емас