Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкент халқаро аэропортида Таиланддан гиёҳванд моддаларни мамлакатга олиб киришга бўлган икки уриниш божхона ходимлари томонидан бартараф этилди. Мусодара қилинган тақиқланган моддаларнинг умумий оғирлиги қарийб 12 килограммни ташкил қилди.
Божхона қўмитаси маълумотига кўра, биринчи ҳолатда Бангкокдан учиб келган 44 ёшли йўловчи "яшил йўлак" орқали ўтишга уринган. Бироқ унинг ҳаракатлари божхоначиларда шубҳа уйғотган ва қўл юки ҳамда бағажи текширилган. Текширув давомида унинг юкларидан 4,8 килограммдан ортиқ марихуана аниқланган.
Иккинчи ҳолатда эса Пхукетдан келган қўшни давлат фуқароси бўлган 19 ёшли йўловчининг бағажида қуруқ сут деб кўрсатилган ўрамлар божхоначилар эътиборини тортган. Экспертиза натижасида 10 та ўрам ичида қуруқ сут эмас, балки умумий оғирлиги 7 килограмм 180 грамм мефедрон синтетик гиёҳванд моддаси борлиги тасдиқланган.
Дастлабки маълумотларга кўра, ушбу шахс гиёҳванд моддани Telegram орқали танишган номаълум шахс топшириғига кўра Тошкентга олиб келиши керак бўлган. Бунинг эвазига унга 1 минг доллар ваъда қилинган.
Ҳар икки ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Божхона қўмитаси маълум қилишича, 2026 йилнинг биринчи ярим йиллиги давомида гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмаси ва олиб ўтилиши билан боғлиқ 400 дан ортиқ ҳолат аниқланган. Ушбу тезкор тадбирлар натижасида жами қарийб 1,76 тонна тақиқланган моддалар мусодара қилинган.

Изоҳлар мавжуд емас