Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. "Фольксваген" Жиззах вилоятида автомобиль ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқда. 2020 йилда Ўзбекистон бозорига икки модификацияда Volkswagen Caddy олиб чиқилади. Бу тўғрисида мухбиримиз хабар бермоқда.
"Ўзавтосаноат" ва "Фольксваген Груп Рус" томонидан Ўзбекистонда енгил тижорат транспорт воситаларини ишлаб чиқариш ва сотиш бўйича ҳамкорлик битими имзоланди. Ишлаб чиқариш Жиззах ЭИЗ ҳудудидаги Жиззах автомобиль заводи негизида ташкил этилади.
Автомобилларни ишлаб чиқариш Volkswagen концерни технологиясидан фойдаланган ҳолда тўлиқ саноат циклида амалга оширилади. Режага кўра, завод қуввати йилига 20 мингтагача автомобиль ишлаб чиқаришга мўлжалланган.
"Фольксваген Груп Рус" компанияси янги замонавий ишлаб чиқариш технологиялари ва жараёнларини таъминлаб, завод ишчиларини ўқитади. Ишлаб чиқаришда Volkswagenга тегишли бўлган ишлаб чиқариш, сифат менежменти, харид қилиш, етказиб бериш ва сотиш тизимлари стандартлари қўлланилади.
Маҳаллий автомобиль эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқарувчиларни жалб қилган ҳолда ишлаб чиқаришни қисман маҳаллийлаштириш кўзда тутилган. Бугунги кунда Ўзбекистонда "Ўзавтосаноат"га тегишли бўлган 30га яқин йирик заводлар ва 160 дан ортиқ ўрта ва кичик корхоналар фаолият юритмоқда.
2020 йилда Ўзбекистон бозорига икки модификацияли Volkswagen Caddу сотувга чиқарилади. Булар - 7 кишилик йўловчи универсал ва юк ташувчи микроавтобус. Мазкур моделлар тижорат учун ҳам, оилавий фойдаланиш учун ҳам қулай саналади.
Автомобиль 110 от кучига эга ва 1,6 литр ҳажмдаги бензинли двигатель билан жиҳозланади. Шаҳар режимида ёқилғи сарфи 100 километрга 9,3 литрни, магистрал йўлда - 100 километрга 6,1 литрни ташкил қилади.
Истиқболда Volkswagen Group таркибидаги бошқа моделларни ишлаб чиқариш ва етказиб бериш имкониятлари кўриб чиқилади.
Изоҳлар мавжуд емас