Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон республика товар-хомашё биржасида 2026 йил бошидан бери дизель ёқилғиси ва АИ-92 бензинининг улгуржи нархлари сезиларли даражада ошди. Айрим дизель маркалари бўйича нархлар январь ойидаги кўрсаткичларга нисбатан 68 фоизгача қимматлаган, АИ-92 бензини эса йил бошидан бери қарийб 25 фоизга ўсган.
UZEX маълумотларига кўра, январь ойи охирида дизель ёқилғисининг умумий ўртача нархи 1 тоннаси учун 13 миллион 131,5 минг сўмни ташкил этган. Кейинги ойларда нархлар босқичма-босқич юқорилаб борган.
Хусусан, 24 апрель куни дизель Yevro K-4 маркаси 13 миллион 724,6 минг сўм, EKO маркаси 14 миллион 500 минг сўмдан сотилган. 26 июньга келиб уларнинг нархи мос равишда 14 миллион 716,8 минг ва 15 миллион 95,2 минг сўмга етган.
Август ойида эса дизель нархида кескин ўсиш қайд этилган. 27 август куни Yevro K-4 маркаси 19 миллион 185,7 минг сўмга чиқиб, олдинги кўрсаткичга нисбатан 46 фоизга ошган. Yevro-L II K-4 SSDF маркаси нархи эса 22 миллион 176 минг сўмга етган.
21 сентябрь ҳолатига кўра, дизель Yevro L-K-4 маркаси биржа савдоларида 17 миллион 344,8 минг сўм атрофида шаклланган. Шу тариқа, йил бошидаги 13,1 миллион сўмлик кўрсаткич билан таққослаганда, дизель ёқилғисининг турли маркалари бўйича нарх ўсиши 45–68 фоизгача етган.
АИ-92 маркали автобензиннинг улгуржи нархида ҳам йил давомида ўсиш кузатилган.
27 январь куни биржа савдоларида 1 тонна АИ-92 бензини 12 миллион 665,9 минг сўмдан сотилган. 25 майда нарх 12 миллион 521 минг сўмга тушган бўлса, 27 августда 13 миллион 276,9 минг сўмга кўтарилган.
21 сентябрь куни эса АИ-92 бензини нархи биржа савдоларида 15 миллион 895 минг сўмгача етган. Бу 27 августдаги кўрсаткичдан 20,9 фоиз юқори.
Январь ойидаги 12,67 миллион сўмлик нарх билан солиштирилганда, сентябрь ойига келиб АИ-92 бензинининг биржа нархи қарийб 25,5 фоизга ошган.
Эслатиб ўтамиз, Россия ҳукумати дизель ёқилғиси экспортига қўйилган тақиқни 2026 йил 30 сентябргача узайтирганди. Бироқ халқаро ҳукуматлараро келишувлар доирасида амалга ошириладиган ёқилғи етказиб беришлар ушбу чекловдан мустасно. Бу Ўзбекистонга келишувлар асосида амалга оширилаётган нефт маҳсулотлари етказиб беришлари давом этишини англатади.

Изоҳлар мавжуд емас