Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. ФИФА президенти Жанни Инфантино ташкилотнинг 211 та аъзо-федерациясига мактуб йўллаб, жаҳон футболи бошқарувини мустақил экспертизадан ўтказиш ва қарор қабул қилиш ваколатларини қайта кўриб чиқишни таклиф этди. Халқаро футбол жамоатчилиги томонидан кескин норозиликка учраган тижорий лойиҳа барбод бўлгач, Инфантино ўз раҳбарлик мавқеини сақлаб қолиш ва ортиб бораётган сиёсий босимни юмшатишга уринмоқда.
Инқирозга сабаб бўлган "FIFA Forward Enterprise" лойиҳаси Жаҳон чемпионати каби йирик мусобақаларнинг тижорий ҳуқуқларини хусусий инвесторларга сотишни назарда тутган эди. Ушбу ташаббус қитъа конфедерациялари ва миллий ассоциацияларнинг кескин қаршилигидан сўнг бекор қилинган бўлса-да, қатор футбол мутасаддилари Инфантинонинг яккаҳокимлик бошқарув услубига нисбатан очиқдан-очиқ эътироз билдиришни давом эттирмоқда.
Хусусан, Европа футбол ассоциациялари иттифоқи (UEFA) FIFAнинг Жаҳон чемпионати ва бошқа мусобақаларнинг тижорий ҳуқуқларини хусусий инвесторларга қисман сотиш режаси амалга оширилса, FIFA томонидан ташкил этиладиган барча турнирларни бойкот қилишга тайёрлигини маълум қилганди.
Шундан кейин УЕФА, Осиё футбол конфедерацияси ва КОНКАКАФ FIFA бошқарув тизимида ўзгаришлар ва мустақил тергов ўтказишни талаб қилган эди. Қўшма очиқ хатда улар жаҳон футбол ташкилоти раҳбарияти "футболга хизмат қилиши, унга буйруқ беришга интилмаслиги кераклигини" таъкидлаган.
Юзага келган ички мухолифатни тинчлантириш мақсадида Инфантино 15 октябрь куни бўлиб ўтадиган ФИФА Кенгашига икки босқичли ислоҳотлар пакетини тақдим этмоқда. Унга кўра, йирик стратегик қарорлар мустақил ташқи аудитдан ўтказилади ва президент ҳамда Конгресс ўртасидаги ваколатлар баланси қайта тартибланади.
Ўз аризасида "ФИФАнинг мустақиллиги сотилмайди" деб таъкидлаган Инфантинонинг келажаги эндиликда 37 аъзодан иборат Кенгашнинг овоз бериш натижаларига боғлиқ бўлиб турибди.

Изоҳлар мавжуд емас