Загрузка
Загрузка
Fonon заргарлик заводи қарийб 317 миллиард сўмга сотувга қўйилди
Иқтисод

Fonon заргарлик заводи қарийб 317 миллиард сўмга сотувга қўйилди

44
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. ​Давлат активларини бошқариш агентлиги Fonon заргарлик заводига эгалик қилувчи Gold Moon Tashkent компаниясидаги 100 фоиз давлат улушини очиқ аукционга чиқарди. Лотнинг бошланғич нархи 316,7 миллиард сўм этиб белгиланган.

Аукцион 28 сентябрь куни соат 10:00 да ўтказилади. Унда иштирок этиш учун 9,5 миллиард сўм закалат киритиш талаб этилади. Савдо нархни ошириб бориш усулида ташкил этилиб, биринчи қадам 15,8 миллиард сўмни — бошланғич нархнинг 5 фоизини ташкил қилади.

Gold Moon Tashkent ихтиёрида Тошкент шаҳри Чилонзор туманидаги 2,56 гектар ер ҳамда умумий майдони 11,37 минг квадрат метр бўлган бино ва иншоотлар мавжуд. Асосий фондларнинг баланс қиймати 110,7 миллиард сўм, уларнинг эскириш даражаси 33,2 фоизга тенг.

Компания 2025 йилда 413,8 миллиард сўм даромад олган. Шу билан бирга, унинг соф зарари 2024 йилдаги 12,3 миллиард сўмдан 2025 йилда 7,8 миллиард сўмгача қисқарган. 2026 йилнинг биринчи ярмида эса 281,9 миллиард сўм даромад ва 33,4 миллиард сўм соф фойда қайд этилган.

Бироқ компаниянинг молиявий ҳолати ҳали тўлиқ тикланмаган. 1 июль ҳолатига унинг активлари 443 миллиард сўм, мажбуриятлари эса 550,3 миллиард сўмни ташкил қилган. Натижада соф активлар миқдори манфий 107,3 миллиард сўм бўлиб қолган.

Аукцион ҳужжатларига кўра, компаниянинг кредиторлик қарзи 305,9 миллиард сўм, дебиторлик қарзи эса 13,2 миллиард сўм. Харидор давлат улушини ушбу кредиторлик ва дебиторлик қарзлари билан бирга қабул қилади.

Шунингдек, компания балансидаги бино ва иншоотларга тижорат банки томонидан тақиқ қўйилган. Лот ҳужжатларида мазкур тақиқ қайси банк томонидан ва қандай мажбурият сабабли қўйилгани очиқланмаган.

Харидорга корхона қийматини 36 ойгача бўлиб тўлаш имконияти берилган. Дастлабки тўлов 35 фоиздан кам бўлган тақдирда, қолган суммага Марказий банкнинг асосий ставкасидан келиб чиққан ҳолда фоиз ҳисобланади.

Қизиғи, аукцион шартларида харидор зиммасига қўшимча инвестиция киритиш ёки муайян миқдордаги иш ўринларини сақлаш ва яратиш бўйича мажбурият юкланмаган.

Fonon заводи 2021 йилда собиқ илмий-ишлаб чиқариш корхонаси негизида ташкил этилган. Ўша вақтда лойиҳа қиймати қарийб 21 миллион долларга баҳоланган, заводнинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 6 тонна заргарлик буюмларига тенг бўлиши айтилган.

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...