Загрузка
Загрузка
Хакерлар Россия Давлат статистика ташкилоти  маълумотларини ўғирлади. Украина урушидаги йўқотишлари сони ярим миллионга яқин
Дунё

Хакерлар Россия Давлат статистика ташкилоти маълумотларини ўғирлади. Украина урушидаги йўқотишлари сони ярим миллионга яқин

39
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz.   "Киберпартизаны BY" ва Silent Crow хакерлик гуруҳлари Россия Федерал давлат статистика хизмати (Росстат) маълумотлар базасини бузиб кирганини маълум қилди. Улар тарқатган маълумотларга кўра, 2022 йил февралда бошланган кенг кўламли урушдан 2026 йил август ойигача Россия томонидан 393 мингдан 450 минггача одам ҳалок бўлган бўлиши мумкин.

Хакерлар Росстат тизимидан қарийб 23 терабайт маълумотни, жумладан, ички ҳужжатлар, демографик ва иқтисодий статистика ҳамда урушдаги Россия йўқотишларига оид маълумотларни қўлга киритганини даъво қилмоқда.

"Киберпартизаны BY" гуруҳи ҳисоб-китобларига кўра, 2026 йил 27 август ҳолатига Украинадаги урушда камида 393 881 нафар Россия фуқароси ҳалок бўлган. Silent Crow эса бу кўрсаткични 450 100 нафар деб баҳолаган.

Икки гуруҳ келтирган рақамлар ўртасидаги фарқ ҳисоблаш усуллари билан боғлиқ. "Киберпартизаны BY" асосан ўлим сабаби сифатида ҳарбий ҳаракатлар ёки уларнинг оқибатлари қайд этилган ҳолатларни ҳисобга олган. Silent Crow эса жанговар ҳаракатлардан ташқари, ҳарбий хизматчиларнинг нонжанговор йўқотишлари ва бошқа тоифадаги ўлим ҳолатларини ҳам киритган.

Россия 2022 йил сентябридан буён урушдаги расмий ҳарбий йўқотишлари ҳақидаги статистикани эълон қилмайди. 2024 йилдан эса Росстат ўлим сабаблари бўйича йиллик маълумотларни ҳам очиқлашни тўхтатган.

Хакерлар тарқатган маълумотларнинг бир қисми мустақил нашрлар томонидан ҳам текширилмоқда. "Медуза" ва "Медиазона" журналистлари ушбу маълумотларга кириш имконига эга бўлганини билдириб, уларнинг ҳақиқийлиги ва тўлиқлигини ўрганишга киришган.

Таққослаш учун, BBC рус хизмати ва "Медиазона"нинг исми-шарифи аниқланган ҳалок бўлган россиялик ҳарбийлар бўйича қўшма базасида 2026 йил 8 ноябрь ҳолатига қарийб 286 минг нафарнинг номи мавжуд эди. Бироқ бу рўйхат тўлиқ эмас, айниқса урушнинг сўнгги ойларидаги йўқотишларни қамраб олмаслиги мумкин.

Шунингдек, "Медуза" ва "Медиазона"нинг мерос ишлари реестри таҳлилига асосланган тадқиқотида 2025 йил охирига келиб ҳалок бўлган россиялик ҳарбийлар сони тахминан 350 минг нафар деб баҳоланган.

Агар маълумотларнинг ҳақиқийлиги ва тўлиқлиги тасдиқланса, бу Россиянинг Украина урушидаги инсон йўқотишлари кўламини баҳолаш учун муҳим манбалардан бирига айланиши мумкин.

Аввалроқ Россия президенти Владимир Путин АҚШ президенти Дональд Трамп ва Хитой раҳбари Си Цзиньпин билан уч томонлама саммит ўтказиб, Украинадаги урушни Москва манфаатларига мос шартларда якунлаш масаласини муҳокама қилишни таклиф қилганди. Учрашувни 2026 йил 18–19 ноябрь кунлари Хитойнинг Шэньчжэнь шаҳрида бўлиб ўтадиган Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги (APEC) саммити доирасида ўтказиш режалаштирилган. Бироқ учрашув ҳам, унинг кун тартиби ҳам ҳозирча узил-кесил келишилмаган.

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...