Загрузка
Загрузка
Эркинжон Турдимов таълим тизимида нималар қилмоқчи ва нималарни ўзгартирмоқчи?
Жамият

Эркинжон Турдимов таълим тизимида нималар қилмоқчи ва нималарни ўзгартирмоқчи?

255
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz.  Ўзбекистон Бош вазирининг биринчи ўринбосари, таълим ва фан вазири Эркинжон Турдимов таълим тизимидаги муаммолар, мактабларда давоматнинг пастлиги, дарсликлардаги хатолар ва олий таълим муассасалари фаолияти ҳақида гапирди. Унинг таъкидлашича, тизимдаги камчиликларни бартараф этиш осон бўлмайди, аммо биринчи навбатда тартиб ўрнатишга ҳаракат қилинади.

Турдимов бу ҳақда самарқандлик журналист билан суҳбатда маълум қилган. У янги лавозимида ҳозирча интервьюлардан кўра иш ва натижаларга эътибор қаратишни маъқул кўришини айтган.

Олийгоҳларда талабалар билими текширилмоқда

Таълим тизимидаги ўзгаришлар ҳақида гапирар экан, Турдимов соҳани ҳали ўрганаётганини, бироқ раҳбарлик ва тизимда тартиб ўрнатиш бўйича тажрибага эга эканини таъкидлаган.

"Мен таълим тизимида оламшумул инқилобий ўзгаришлар қила олмасман, аммо тизимда тартибни ўрнатаман", — деган вазир.

Унинг айтишича, беш нафар ректорни ишдан бўшатиш ҳақида тарқалган хабарлар ҳозирча ҳақиқатга тўғри келмайди. Вазир йиғилишда тўрт нафар ректорни жиддий огоҳлантирганини, вазирликда улар фаолиятини ўрганиш учун махсус ишчи гуруҳ тузилганини билдирган.

Турдимов таълим сифатига шубҳа уйғотувчи бир ҳолатни ҳам келтирган. Унинг сўзларига кўра, мақталган олий таълим муассасаларидан бирида ректорнинг ўзи энг яхши деб танлаган 10 нафар талабанинг билимини стандарт тест орқали текширишган. Натижада уларнинг бирортаси ҳам "уч" баҳо олиш учун етарли билим кўрсата олмаган.

Дарсликлардаги хатолар бўйича таклифлар берилган

Суҳбатда мактаб дарсликларидаги хатолар ва ўқув дастурлари мазмуни ҳам кўтарилган. Турдимов дарсликларда камчиликлар борлигини тан олган, бироқ уларнинг мазмуни билан вазирлик бевосита шуғулланмаслигини айтган.

Унинг маълум қилишича, дарсликлар мазмуни учун масъул бўлган Таълим маркази ва Илмий тадқиқотлар институтига бу борадаги таклифлар юборилган.

Мактабларда давомат 50 фоизга ҳам етмаяпти

Вазир мактаблардаги энг жиддий муаммолардан бири ўқувчилар давомати эканини айтган. Унинг маълум қилишича, айрим мактабларда давомат 50 фоизни ҳам ташкил этмаяпти.

Турдимов ўқувчиларни дарсга қайтариш учун ички ишлар органлари ходимларини жалб қилишга тўғри келаётганини билдирган. У Сирдарё вилоятида ишлаган даврида шахсан назорат ўрнатиб, ички ишлар ходимлари кўмагида мактабларда давоматни 80 фоизгача оширганини айтган.

Вазирнинг таъкидлашича, ўқувчиларнинг бир қисми пул топиш учун ишлашга кетса, яна бир қисми мактаб ўрнига хусусий ўқув марказлари ва репетиторларга қатнамоқда. Айрим ота-оналар ҳам фарзанди мактабда эмас, репетитор билан шуғулланиши керак, деб ҳисоблайди.

У бу муаммони фақат давоматни назорат қилиш билан ҳал этиб бўлмаслигини, мактабларда таълим сифатини ҳам ошириш зарурлигини таъкидлаган.

Ҳозир Тошкентда мактаб ва синфларда рақамли кузатув тизими синовдан ўтказилмоқда. Кейинчалик уни республика бўйлаб жорий этиш режалаштирилган. Тизим орқали ўқувчилар давомати ва ўқитувчиларнинг дарс жараёнини кузатиш имкони яратилади.

Турдимов ёшларда ватанпарварлик туйғусини кучайтирмоқчи

Суҳбатнинг яна бир қисми мактабларда тарбия масаласига бағишланган. Турдимов ишни айнан тарбия йўналишидан бошлаганини, бу борада Хитой ва Япония тажрибасини ўрганаётганини айтган.

Унинг фикрича, ёшларда ор-номус, ғурур ва ватанпарварлик туйғуларини шакллантириш муҳим. Вазир давлат рамзларига муносабат масаласига алоҳида тўхталиб, ёшлар Ўзбекистон байроғи, герби ва мадҳияси билан фахрланиши кераклигини таъкидлаган.

Турдимов Туркияга ташрифи чоғида мамлакат мадҳияси ижро этилганда иштирокчиларнинг деярли барчаси унга жўр бўлганини мисол қилиб келтирган. У Ўзбекистонда ҳам аҳоли давлат мадҳиясининг сўзларини билиши ва уни биргаликда куйлаши тарафдори эканини билдирган.

Вазир таълим тизимидаги барча муаммоларни қисқа вақтда ҳал қилишга ваъда бермаган. Бироқ у янги лавозимида асосий вазифалардан бири сифатида тизимда тартиб ўрнатиш ва ёшлар тарбиясига эътибор қаратишни белгилаган.



Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...