Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Россиянинг Ленинград вилоятида Иккинчи жаҳон уруши йилларида Ленинград мудофаасида қатнашган ўзбекистонлик жангчилар хотирасига бағишланган ёдгорлик стеласи очилди. Маросим "Синявино баландликлари" ёдгорлик мажмуасида бўлиб ўтди.
Тадбирда Санкт-Петербург ҳукумати ва Ленинград вилояти маъмурияти вакиллари, жамоат арбоблари ҳамда ўзбекистонлик ватандошлар иштирок этган.
Ёдгорлик 1941–1944 йилларда Ленинград мудофаасида қатнашган ўзбекистонлик жангчилар хотирасини абадийлаштириш мақсадида Ўзбекистон Бош консулхонаси кўмагида ўрнатилган.
Лойиҳа муаллифи — асли ўзбекистонлик бўлган Ленинград вилояти Қонунчилик мажлиси депутати Родион Ким. Уни амалга оширишда Санкт-Петербургдаги Ўзбек маданиятини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш маркази ҳамда Ленинград вилояти Ташқи алоқалар қўмитаси ҳам иштирок этган.
Ленинград вилояти губернатори Александр Дрозденко ёдгорликни икки халқнинг умумий тарихи ва Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалаба билан мустаҳкамланган дўстлик рамзи сифатида баҳолаган.
Ёдгорликнинг очилиши Ўзбекистон ва Россия ўртасида тарихий хотирани асраш ҳамда маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантиришга қаратилган тадбирлардан бири бўлган.

Изоҳлар мавжуд емас