Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкентнинг Чилонзор туманидаги Бешёғоч маҳалласида сунъий кўл ва замонавий дам олиш маскани барпо этилмоқда. Лойиҳа пойтахтдаги аввалги сув ҳавзаларини қайта тиклаш ташаббуслари доирасида амалга оширилаётган бўлиб, бу ҳудудда бир вақтлар машҳур Комсомол кўли жойлашган бўлган.
Комсомол кўли тарихи
Тарихий маълумотларга кўра, Бешёғоч майдонидаги сунъий кўл 1939 йилда Тошкент ёшлари ва комсомолчиларнинг ҳашар йўли билан қурилган.
У ғишт заводи фаолиятидан қолган лой карьерлари ўрнида барпо этилган. Манбаларда 700 нафардан ортиқ ёшлар қурилишда қатнашгани, кўл котловани бир ярим ойда тайёрлангани ва 1939 йил 15 июнда унга сув қуйилгани қайд этилган. Расмий очилиш маросими эса 3 июль куни бўлиб ўтган.
Совет даврида Комсомол кўли Тошкент аҳолисининг машҳур дам олиш масканларидан бирига айланган. Бу ерда чўмилиш, қайиқ ва катамаранларда сайр қилиш имконияти бўлган. Кўл атрофида соя-салқин боғ, павильонлар, кинотеатр ва аттракционлар фаолият юритган. Бир неча авлод тошкентликларининг хотирасида сақланиб қолган ушбу масканда фильмлар ҳам суратга олинган.
Кўл нима сабабдан қуритилган?
Йиллар давомида Миллий боғ ҳудудида қурилишлар кўпайиб, яшил майдонлар ва сув ҳавзаси эгаллаган ҳудуд қисқариб борган. Мустақилликнинг дастлабки йилларида боғнинг бир қисми Олий Мажлис ихтиёрига берилган. Кейинчалик ҳудудда Адиблар хиёбони ташкил этилган, боғнинг катта қисмида эса Magic City мажмуаси барпо қилинган.
Олий Мажлис биноси ортидаги кўл 2020 йилда қурилиш ишлари сабабли қуритилган. Сунъий йўлдош тасвирларига кўра, кўлдаги сув охирги марта 2019 йил октябрь ойида кўрингани айтилган.
Ўша вақтда қуритилган кўл ва унинг атрофидаги уч гектарга яқин майдонда театр қуриш режалаштирилгани ҳақида хабар берилган. Кейинчалик 1 200 ўринли театр лойиҳаси ҳақида ҳам маълумот тарқалган.
Энди ҳудудда қандай маскан барпо этилади?
Янги лойиҳага кўра, ҳудуднинг умумий майдони 23 минг квадрат метрни ташкил этади. Шундан 18,7 минг квадрат метри сунъий кўл учун ажратилган бўлиб, унинг сув сиғими 37,4 минг куб метрга тенг бўлади.
Ҳудудда 150 туп дарахт ва бута экиш, умумий узунлиги 4,6 километр бўлган пиёдалар ва велосипед йўлакларини қуриш, иккита фаввора ўрнатиш режалаштирилган.
Лойиҳанинг диққатга сазовор жиҳатларидан бири кўл ҳудудида барпо этилиши кўзда тутилган 30 метр баландликдаги айланувчи аркали рамзий дарвозадир. Дастлабки ечимларда унинг ичида иккита лифт жойлаштириш имконияти ҳам кўриб чиқилган.
Лойиҳани амалга ошириш Тошкент шаҳар ҳокимлигининг "Ягона буюртмачи хизмати" инжиниринг компанияси буюртмаси асосида олиб борилмоқда. Объект ишга туширилгач, кунига 3 минг нафаргача ташриф буюрувчи қабул қилиши кутилмоқда.
Янги дам олиш маскани Magic City ва "Миллий боғ"га туташ ҳудудда жойлашади. Шу тариқа, бир вақтлар тошкентликларнинг севимли ҳордиқ масканларидан бири бўлган ҳудуд яна сув ҳавзаси ва яшил майдонлар билан бойитилиши режалаштирилмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас