Загрузка
Загрузка
Гаровсиз кредитлар 200 миллион сўмгача оширилади. Шавкат Мирзиёев бизнесни қўллаб-қувватлашнинг янги чора-тадбирларини тасдиқлади
Иқтисод

Гаровсиз кредитлар 200 миллион сўмгача оширилади. Шавкат Мирзиёев бизнесни қўллаб-қувватлашнинг янги чора-тадбирларини тасдиқлади

9
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Президент Шавкат Мирзиёев кичик ва ўрта бизнесни молиявий қўллаб-қувватлашни кенгайтириш ва молиявий хизматлар оммабоплигини ошириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди.

Тадбир давомида бугунги кунда кичик ва ўрта бизнесга ажратилган кредит портфели 218 триллион сўмни ёки ялпи ички маҳсулотнинг 12 фоизини ташкил этиши таъкидланди. Шу билан бирга, ҳанузгача онлайн режимида бериладиган гаровсиз микрокредитлар улуши пастлигича қолмоқда, уларни бериш жараёни эса ўртача 7 кунгача давом этмоқда. Шунингдек, тадбиркорларда энг мақбул шартларни танлаш учун турли банкларнинг таклифларини бир жойда ўрганиш имконияти йўқ.

Тақдимотда ушбу тўсиқларни бартараф этиш учун ягона рақамли молия платформасини ишга тушириш таклифи билдирилди. Унинг ёрдамида бизнес вакиллари кредит олиш учун ариза топширишлари, бир нечта банклардан тижорат таклифларини олишлари ва уларни таққослашлари мумкин бўлади. Янги платформа "Электрон ҳукумат" тизимининг рақамли маълумотлар базалари билан интеграция қилинади, бунинг натижасида тадбиркорлик субъектлари тўғрисидаги маълумотлар молия муассасаларига автоматик равишда келиб тушади.

2026 йил 1 декабрдан бошлаб платформа доирасида сунъий интеллект элементларидан фойдаланган ҳолда муқобил скоринг моделини жорий этиш режалаштирилган. Анъанавий тизимдан фарқли ўлароқ, бу усул ишбилармонлик фаоллиги, коммунал тўловлар, айланмалар ва солиқ маълумотларини баҳолайди, натижада тадбиркорларга кредит тарихисиз молиялаштириш имконини беради. Қўшимча равишда тижорат банклари томонидан маҳаллаларнинг ихтисослашувини инобатга олган ҳолда бизнес ғояларни ишлаб чиқишга кўмаклашиш мақсадида , "AI-консультант" дастури ишга туширилади.

Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш дастури доирасида янги имтиёзлар кўзда тутилган. Ижобий кредит тарихига эга бўлган ва аввал микрокредит олган тадбиркорларга гаровсиз қисми 100 миллион сўмдан 200 миллион сўмга оширилади. Бундан ташқари, кредит ёки лизинг бўйича фоиз харажатларининг 5 миллиард сўмгача бўлган қисми, уларнинг миқдоридан қатъи назар, давлат томонидан қоплаб берилади.

Шунингдек, ҳар йили юқори натижаларга эришган 100 та тадбиркорлик субъектига рақамлаштириш, халқаро стандартлар ва "яшил" технологияларни жорий этиш учун 300 миллион сўмгача грант ажратиш таклиф этилди. Давлат раҳбари таклифларни маъқуллаб, платформа хавфсизлиги ва маълумотлар ҳимоясини таъминлаш бўйича кўрсатмалар берди.


Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...