Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманида коррупцион схема фош этилди: ИИБ ходими ва воситачи маҳаллий аёлларнинг телефонларида тақиқланган диний материаллар топилгани бўйича текширувни ижобий ҳал қилиб бериш эвазига пул олаётганда ушланди.
Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказдилар. Аниқланишича, 47 ёшли эркак воситачилик қилиб, 43 ёшли аёл ва унинг вояга етмаган қизига нисбатан масалани ҳал қилиб бериш ваъдаси билан 3 миллион сўм пул олган. Аввалроқ ушбу аёлларнинг телефонларида тақиқланган диний материаллар борлиги аниқланган эди.
Тезкор тадбирнинг давомида Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармасининг тезкор ходими ҳам қўлга олинди. У текширув материаллари бўйича ижобий қарор чиқариб бериш эвазига воситачидан 2,5 миллион сўм пул олган.
Мазкур ҳолат юзасидан ИИБ ходимига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 210-моддаси ("Пора олиш"), воситачига нисбатан эса 212-моддаси ("Пора беришда воситачилик қилиш") билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди пойтахтнинг Яккасарой тумани собиқ катта профилактика инспекторига нисбатан ҳукм чиқарган эди. Лейтенант унвонидаги ушбу ходим яширин интим хизматлар кўрсатиш бизнесига ҳомийлик қилиш учун пора олганликда айбдор деб топилган.

Изоҳлар мавжуд емас