Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон Қурбон ҳайити муносабати билан ва селдан жабр кўрган аҳолини қўллаб-қувватлаш учун Афғонистонга 200 тоннага яқин инсонпарварлик ёрдами юборди. Энг зарур маҳсулотлар ортилган юк Балх вилоятига етказилди.
Юкни топшириш маросимида Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматилла Иргашев, Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов, шунингдек, Балх провинцияси губернатори ўринбосари Нурулҳоди Абуидрис иштирок этди.
Ёрдам таркибида энг зарур маҳсулотлар: ун, гуруч, шакар, макарон, қандолат маҳсулотлари, ўсимлик ёғи, нўхат ва тез тайёрланадиган маҳсулотлар мавжуд. Ёрдам халқлар ўртасидаги яхши қўшничилик, ўзаро қўллаб-қувватлаш ва дўстлик рамзи сифатида юборилган.
Афғонистон томони Ўзбекистон президенти ва халқига қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдириб, яқинлашиб келаётган байрам билан табриклади.
Аввалроқ Ўзбекистон Афғонистонга қарийб 300 тонна инсонпарварлик ёрдами етказгани хабар қилинганди. Ўшанда инсонпарварлик юки Ҳайратон шаҳрига етказилган эди.

Изоҳлар мавжуд емас