Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси "Centrum Air" ва "Qanot Sharq" хусусий авиакомпаниялари фаолиятидаги овербукинг (чипталарни меъёрдан ортиқ сотиш) ва истеъмолчилар ҳуқуқлари бузилиши ҳолатлари юзасидан Фуқаролик авиацияси агентлигига сўров юборди.
Қўмита матбуот хизматининг хабар беришича, кейинги пайтларда ушбу ташувчилар фаолияти устидан аҳолидан кўплаб мурожаат ва шикоятлар келиб тушмоқда. Статистик таҳлилларга кўра, 2025 йилда 127 та мурожаат қайд этилган бўлса, 2026 йилнинг ўтган 4 ойи давомида уларнинг сони 145 тага етган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 114 фоизни ташкил этади ва шикоятлар сони ортишда давом этмоқда.
Шикоятларни ўрганиш давомида қуйидаги тизимли камчиликлар аниқланди:
- 110 та ҳолатда — кўрсатилмаган хизматлар учун пул ундирилган;
- 90 та ҳолатда — белгиланган муддатларга риоя қилинмаган;
- 72 та ҳолатда — хизматлар сифатсиз кўрсатилган.
Фуқаролар ўз мурожаатларида, асосан, авиаташувчилар томонидан кўрсатилаётган хизматлар ҳақида зарур, ишончли ва тушунарли маълумотлар ўз вақтида тақдим этилмаётганини билдиришган.
Шунингдек, расмийлаштирилган чиптаси ва олдиндан банд қилинган жойи бўлган йўловчиларни рейсга киритмаслик (овербукинг) ҳолатлари кузатилган. Бундан ташқари, рейсларнинг кўп соатлаб кечикиши оқибатида йўловчилар аэропортларда қолиб кетмоқда, бироқ авиакомпаниялар томонидан етказилган зарар белгиланган тартибда қопланмаяпти ва бепул қўшимча хизматлар кўрсатилмаяпти.
Текширувлар натижасида ушбу авиакомпаниялар "Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонун, ҳаво транспортида йўловчи ва багаж ташиш қоидалари, шунингдек, Ўзбекистон Ҳаво ва Фуқаролик кодекслари талабларига тўлиқ риоя қилмаётгани аниқланди.
Хусусан, ташувчилар қуйидаги мажбуриятларни тўлиқ бажармаяпти:
- Рейсни кутиш вақтида йўловчиларни озиқ-овқат ва сув билан таъминлаш;
- Кутиш вақти меъёрдан ошиб кетганда йўловчиларни меҳмонхонага жойлаштириш ҳамда вақтинчалик яшаш жойигача ва орқага трансфер ташкил этиш;
- Жойлар сонидан ортиқ чипта сотилганда, йўловчиларнинг бир қисмига рўйхатдан ўтиш рад этилиши мумкинлиги ҳақида олдиндан огоҳлантириш;
- Чиптада кўзда тутилган боғланувчи рейсларга кечикиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш.
Шу муносабат билан, Рақобат қўмитаси йўловчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан тегишли чоралар кўриш учун "Centrum Air" ва "Qanot Sharq" компаниялари томонидан йўл қўйилган рейсларнинг кечикиши, самолётлардаги техник носозликлар ва кўрсатилган хизматларнинг паст сифатига оид тўпланган материалларни Фуқаролик авиацияси агентлигига кўриб чиқиш учун тақдим этди.

Изоҳлар мавжуд емас