Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига "Ўзавтосаноат" фаолиятини трансформация қилиш топширилган. Вазир ўринбосари Бобур Абдиназаров бўлажак ишларнинг асосий йўналишлари ҳақида гапириб берган.
"Саноат корхоналарини трансформация қилишнинг асосий йўналишлари сифатида маҳсулотларни маҳаллийлаштириш даражасини чуқурлаштириш, барча бозор иштирокчилари учун тенг шарт-шароитлар яратиш белгиланган. Бу нафақат мавжуд маҳаллий корхоналарга, балки республика ҳудудида техника ишлаб чиқариш бўйича ўз фаолиятини ташкил этишни режалаштираётган янги корхоналарга ҳам тегишлидир", – деди у "Ўзбекистон-24" телеканалига берган интервьюсида.
Унинг айтишича, автомобиль саноатини трансформация қилишнинг яна бир муҳим йўналиши - ишлаб чиқариш харажатларини изчил камайтириш ва корхоналарнинг молиявий барқарорлигини таъминлашдир.
"Янги ишлаб чиқариш объектларини тузиш, сотувлар ҳажмини кўпайтириш, янги иш ўринлари яратиш ва бунинг натижасида камбағаллик даражасини тубдан камайтириш режалаштирилмоқда", - дея таъкидлади у.
Эслатиб ўтамизки, бугун Шавкат Мирзиёев "Ўзавтосаноат" акциядорлик компанияси фаолиятини хорижлик мутахассислар иштирокида трансформация қилиш бўйича офис тузиш ҳақида кўрсатма берган. Бу жараённи Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги мувофиқлаштиради.
1 июлгача соҳанинг 40та корхонасини трансформация қилиш бошланади. Соҳада рақобат муҳитини ривожлантириш учун эҳтиёт қисмлар ва бутловчи қисмлар ишлаб чиқарувчи 23 та корхонани хусусийлаштиришга тайёргарлик кўриш лозимлиги кўрсатилган. "Ўзавтосаноат"нинг асосий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган 14 та корхона улушларини савдога қўйиш вазифаси ҳам берилган.
Олдинроқ, Инвестиция ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари Лазиз Қудратов хорижнинг саккизта автомобиль ишлаб чиқарувчилари Ўзбекистонда ишлаш ниятини билдирганлигини айтган эди. Уларнинг рақобат шароитида мамлакатда фаолият олиб бориши учун 10 кундан кейин тегишли ҳужжат тайёрланади.
Изоҳлар мавжуд емас