Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Солиқ қўмитаси томонидан 2026 йилнинг январь–сентябрь ойлари давомида 25,1 мингта солиқ тўловчида камерал солиқ текширувлари ўтказилди. Бу мамлакат бўйича фаолият юритаётган жами 623,3 мингта тадбиркорлик субъектининг 4 фоизини ташкил этади. Текширувлар натижасида умумий ҳисобда 27,7 триллион сўмлик тафовутлар аниқланиб, солиқ тўловчиларга тегишли талабномалар юборилди.
Аниқланган тафовутларнинг асосий қисми қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) ҳиссасига тўғри келиб, 14,3 триллион сўмни ташкил этган. Шунингдек, фойда солиғи бўйича 10,4 триллион сўм, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича 846,8 миллиард сўм ҳамда акциз солиғи бўйича 825,9 миллиард сўмлик номувофиқликлар қайд этилган.
Соҳалар кесимида энг катта тафовутлар умумий овқатланиш, савдо ва хизмат кўрсатиш тармоғида аниқланиб, 13,9 триллион сўмни ташкил қилган. Кейинги ўринларни қурилиш (4,9 триллион сўм), ишлаб чиқариш (4,8 триллион сўм), қишлоқ хўжалиги (1,8 триллион сўм) ҳамда транспорт (1,4 триллион сўм) соҳалари эгаллаган. Натижада барча қоидабузарликлар юзасидан тадбиркорларга камчиликларни бартараф этиш ва аниқлаштирилган ҳисоботларни тақдим этиш бўйича кўрсатмалар берилган.
Олдинроқ Ўзбекистонда қабул қилинган янги қонунга мувофиқ, солиқ органи раҳбари ёки унинг ўринбосари тадбиркорнинг банкдаги ҳисобварақлари бўйича операцияларини бевосита ўз қарори билан тўхтатиб қўйиши мумкинлиги ҳақида хабар қилгандик. 2026 йил 21 октябрдан кучга кирган ушбу ҳужжат билан Солиқ ҳамда Иқтисодий процессуал кодексларга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганди.
Изоҳлар мавжуд емас