Загрузка
Загрузка
Тошкентдаги иссиқхоналар экологик стандартларга мослашмаса, фаолияти тўхтатилади
Жамият

Тошкентдаги иссиқхоналар экологик стандартларга мослашмаса, фаолияти тўхтатилади

17
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz.   Ҳукумат қарори билан Тошкент шаҳри ва унга туташ туманлардаги иссиқхоналар учун махсус экологик тартиб жорий этилиб, белгиланган талабларга мослашмаган хўжаликлар фаолияти чекланиши белгиланди. Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра, 1 декабрдан бошлаб янги стандартларга жавоб бермайдиган иссиқхоналар газ, электр ва сув тармоқларидан узилади.

Қарорга мувофиқ, Тошкент шаҳри ҳамда Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ, Қибрай, Янгийўл, Зангиота ва Тошкент туманлари Махсус экологик ҳудуд деб эълон қилинган.

Ушбу ҳудуддаги иссиқхоналарда иситиш учун фақат табиий (шу жумладан, суюлтирилган) газ, электр, геотермал ва қуёш энергиясидан фойдаланишга рухсат этилади. Қаттиқ ёқилғида (кўмир, брикет, биомасса) ишловчи иссиқхоналар 2026 йил 1 декабргача иситиш тизимини муқобил манбаларга ўтказиши шарт. Кўмир ва брикетдан фақатгина чанг-газ тозалаш ускуналари ва Экология қўмитасига интеграция қилинган автоматик мониторинг тизимлари ўрнатилган тақдирдагина фойдаланишга ижозат берилади. Шу билан бирга, автомобиль шиналари, битум, мазут, пластмасса, резина ва турли чиқиндиларни ёқиш қатъиян тақиқланади.

Экологик модернизацияни рағбатлантириш мақсадида давлат томонидан молиявий ёрдам пакети ҳам жорий этилмоқда.

Хусусан, 2028 йил бошигача энергия тежамкор ва экологик ускуналар хариди учун гектарига 50 миллион сўмгача (харажатнинг 50 фоизи) субсидия ажратилади, автоматик мониторинг станцияларини харид қилишга эса 7 йилга фоизсиз бўлиб тўлаш имконияти яратилади.

Бундан ташқари, 2026–2027 йилларда муқобил иситиш тизимларига ўтиш лойиҳалари учун гектарига 3 миллиард сўмгача имтиёзли кредитлар тақдим этилади.

Белгиланган талабларни бажармаган иссиқхоналарнинг экологик экспертиза хулосалари бекор қилинади ва уларнинг фаолияти вақтинча тўхтатилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда хонадон иссиқхоналари учун солиқларни 50 фоизга камайтириш таклиф этилганди.

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...