Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. IMAN Holding компанияси собиқ ҳамкори Маҳмуд Усмоннинг 70 миллион долларлик инвестиция портфелида қарийб 20 миллион доллар камомад борлиги ҳақидаги баёнотига жавоб берди. Компания ушбу рақамни тўғридан-тўғри зарар сифатида баҳолаш нотўғри эканини, унда учта алоҳида молиявий кўрсаткич бирлаштирилганини билдирди. Ҳозирча томонлардан бирининг позициясини тасдиқловчи мустақил хулоса эълон қилинмаган.
Компания изоҳига кўра, баҳсга сабаб бўлган сумма муаммоли қарзлар, бошқарув компаниясининг фонд олдидаги қарзи ва инвестиция портфеллари ўртасидаги фарқни ўз ичига олади.
IMAN маълум қилишича, 2026 йил 1 октябрь ҳолатига муаммоли қарзлар улуши 6,5 фоизни ташкил этган. Компания 31,91 миллиард сўмлик захираларни ҳисобга олганда, бу кўрсаткич 3,5 фоизга тушишини билдирган.
Компаниянинг тушунтиришича, бу маблағ тасдиқланган оферталар доирасида жорий харажатларга йўналтирилган. Мазкур амалиёт июль ойида тўхтатилган. Қарзни ноябрь ойидан бошлаб олти ой давомида қайтариш режалаштирилган.
Шунингдек, 1 октябрь ҳолатига насия савдо портфели 1,1 триллион сўмни, инвесторлар портфели эса 965 миллиард сўмни ташкил этган. Компания ушбу кўрсаткичлар ўртасидаги 140,75 миллиард сўмлик фарқни келтириб, молиявий камомад мавжудлиги ҳақидаги талқинга қўшилмаслигини билдирган.
Компания фонд маблағлари ҳисобидан олинган икки автомобиль бўйича ҳам изоҳ берган. Қиймати 128 минг доллар бўлган Mercedes-Benz S500 12 август куни сотилгани, тушган маблағ ва ижара тўловлари тўлиқ қайтарилгани маълум қилинган.
BYD Champion автомобили бўйича эса 366,9 миллион сўмдан ортиқ қолдиқ қарздорлик 31 июль куни муддатидан олдин ёпилган. IMAN бошқа эътирозларнинг ҳам асосий қисми аниқланган пайтда бартараф этилганини билдирган.
IMAN кундалик бошқарувни янги мутахассисларга топширишни режалаштирмоқда. Компания асосчиси Рустам Раҳматов эса Кузатув кенгашига ўтади.
Шунингдек, уч нафар олимдан иборат Шариат кенгашини тузиш ва мустақил молиявий аудиторларни жалб қилиш режалаштирилган.

Изоҳлар мавжуд емас