Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. SAFE Service компанияси SafeRoad иловаси фойдаланувчиларининг шахсий маълумотлари сизиб чиққани ҳақидаги хабарларни рад этди. Компания тарқатилаётган маълумотлар илова ишга туширилишидан анча олдин турли манбалардан тўпланганини ва SafeRoad компаниясига алоқаси йўқлигини билдирди.
Компаниянинг расмий баёнотида фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотлари қонунчилик талабларига мувофиқ ҳимоя қилиниши таъкидланган. Шунингдек, SAFE Service нотўғри маълумотлар тарқатилиши юзасидан ваколатли давлат органлари билан ҳамкорликда иш олиб бораётганини маълум қилган.
Аввалроқ ижтимоий тармоқларда SafeRoad, inDrive, Lada Auto, KiwiTaxi ва Fargo каби бир нечта оммабоп сервислар фойдаланувчиларининг шахсий маълумотлари тарқалиб кетган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабарлар пайдо бўлган эди.
Рақамли технологиялар бўйича эксперт Шуҳрат Қурбонов тарқатилаётган маълумотларни текшириб, улар орасидан ўзининг шахсий маълумотларини ҳам топганини билдирган. Унинг сўзларига кўра, маълумотлар орасида ЖШШИР (ПИНФЛ), яшаш манзили, фойдаланувчига боғланган автомобиллар, давлат рақамлари ва ҳужжатларга оид маълумотлар бўлган.
Бошқа тарқатмаларда эса бир неча йил аввалги харидлар, етказиб бериш буюртмалари ва дорихоналардан сотиб олинган дори воситалари ҳақидаги маълумотлар ҳам базаларда бўлиши мумкинлиги айтилган.
Ҳозирча ушбу хабарларда номи келтирилган бошқа сервислар ва ваколатли давлат органлари эҳтимолий маълумотлар сизиб чиқиши юзасидан очиқ изоҳ бермаган.

Изоҳлар мавжуд емас