Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ижтимоий тармоқларда Қарши шаҳрида 21 ёшли қиз муваффақиятсиз ўтказилган жарроҳлик амалиёти сабабли вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан Соғлиқни сақлаш бошқармаси расмий ахборот бериб, беморнинг ўлими сабаблари ва даволаниш жараёни бўйича расмий муносабат билдирди.
Бошқарма маълумотларига кўра, 21 ёшли қиз жорий йилнинг 14 октябрь куни "гипофиз аденомаси" (гипофиз безининг ўсмаси) ташхиси билан вилоят кўп тармоқли шифохонасининг нейрохирургия бўлимига ётқизилган.
Беморни бир неча йил давомида нафас олишнинг қийинлашиши, бўй ўсишида орқада қолиш ва бармоқларининг йўғонлашиши каби аломатлар безовта қилиб келган ва текширувлар давомида унда катта ўлчамдаги ўсма ҳамда ўсиш гормонининг кескин ортгани аниқланган.
Шундан сўнг, 16 октябрь куни пойтахтдан келган малакали мутахассис иштирокида ендоскопик усулда (бурун орқали) опреация ўтказилиб, ўсма олиб ташланган.
Жарроҳлик амалиётидан сўнг беморнинг аҳволи шифокорлар назоратида бўлган ва 19 октябргача ўтказилган текширувларда ҳеч қандай асоратлар кузатилмаган.
Бироқ 20 октябрь куни беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, артериал қон босимининг кўтарилиши, нафас олиш ва юрак фаолиятининг бузилиши қайд этилган.
Олиб борилган интенсив реанимацион муолажаларга қарамай, қиз 26 октябрь куни шифохонада вафот этган.
Ҳозирда ушбу фожиали ҳолат юзасидан прокуратура органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз,аввалроқ Тошкентда бурун операцияси вақтида 9 ёшли бола вафот этганди.

Изоҳлар мавжуд емас