Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Сўнгги кунларда Тошкент ва Марказий Осиёнинг бир қатор йирик шаҳарларида атмосфера ҳавоси сифати ёмонлашиши кузатилди. Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳузуридаги Гидрометеорология илмий-тадқиқот институти томонидан ўтказилган таҳлиллар бу ҳолат минтақавий хусусиятга эга эканини кўрсатди.
Хусусан, 2026 йил 26 октябрь ҳолатига кўра, IQAir маълумотлари бўйича минтақадаги 8 та йирик шаҳардан 6 тасида ҳаво сифати индекси (AQI) 100 дан ошган.
Жумладан, Бишкекда 160, Тошкентда 157, Чимкентда 149, Қарағанда ва Душанбеда 134 кўрсаткичи қайд этилган.
Октябрь ойининг сўнгги ўн кунлигида кузатилган антициклон таъсири, шамолнинг сусайиши, ёғингарчиликнинг йўқлиги ҳамда ҳарорат инверсияси сабабли ҳавонинг эркин алмашинуви чекланиб, ифлослантирувчи моддалар ва табиий чанг муҳитда тўпланиб қолган.
Таҳлилларга кўра, Тошкент ҳавосидаги майда заррачалар (PM2,5) таркибида шаҳарлараро кўчиб юрувчи табиий чанг улуши 39,7 фоизни, транспорт, саноат ва энергетикадаги ёниш жараёнлари улуши эса 42,6 фоизни ташкил этган.
Шу билан бирга, 2026 йилнинг январь — октябрь ойлари оралиғида Тошкентда PM2,5 миқдори ўтган даврга нисбатан 28 фоизга, PM10 эса 32 фоизга камайгани қайд этилганди.
Мутахассислар таъкидлашича, юзага келган вазиятни бартараф этиш учун нафақат маҳаллий транспорт ва саноат чиқиндиларини камайтириш, балки ҳаво сифати мониторингини такомиллаштириш ҳамда қўшни давлатлар билан минтақавий ҳамкорликни кучайтириш талаб этилади.
Аввалроқ Жаҳон банки ҳисоб-китобларига кўра, Марказий Осиёнинг йирик шаҳарларида, айниқса, қиш мавсумида PM2.5 майда заррачалари концентратсияси Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) меъёрларидан 6–12 бараваргача ошиб кетганди.

Изоҳлар мавжуд емас