Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг биринчи ўринбосари Марат Жўраев жорий йилнинг тўққиз ойлик фаолият якунларини маълум қилди. Ҳисобот даврида мамлакатда камбағаллик даражаси 5,8 фоиздан 3,6 фоизгача пасайиб, "Ижтимоий реестр"даги даромади барқарорлашган 440 мингта оила рўйхатдан чиқарилди.
Ўтган давр мобайнида 824 минг нафар фуқаро доимий ишга жойлаштирилган, 980 минг кишининг норасмий бандлиги расмийлаштирилган ҳамда 96,4 минг аҳоли касб-ҳунарга ўқитишга жалб этилган.
Шу билан бирга, Давлат меҳнат инспекцияси томонидан ўтказилган текширувлар натижасида 35 мингга яқин ходимга 832,1 миллиард сўмлик тўланмай қолган иш ҳақи ундириб берилган ва 4 467 нафар фуқаронинг меҳнат ҳуқуқлари тикланган.
Меҳнат муҳофазаси йўналишида 692 та бахтсиз ҳодиса ўрганилиб, жабрланганларга 16 миллиард сўмдан ортиқ товон пули ундарилган, шунингдек, мажбурий меҳнатга йўл қўйган мансабдор шахсларга 1,5 миллиард сўм жарима қўлланилган.
Вазирликка келиб тушган мурожаатлар сони ўтган йилга нисбатан 28 фоизга камайган бўлса, "Онлайн маҳалла" платформаси орқали аҳолига 64,1 миллиард сўм субсидия ва 79,8 миллиард сўм ссуда ажратилган.
Бундан ташқари, Халқаро меҳнат ташкилоти ва Жаҳон банки каби нуфузли тузилмалар билан ҳамкорликда хотин-қизлар тадбиркорлиги ва гендер тенглигини таъминлашга қаратилган 14 та истиқболли лойиҳага грантлар ва техник кўмак жалб этилган.
Олдинроқ Ўзбекистонда 2026 йил учун камбағаллик чегараси киши бошига ойига 715 минг сўм этиб белгиланганди.

Изоҳлар мавжуд емас