Загрузка
Загрузка
Фарғонада 105 нафар боғча боласи заҳарланган иш бўйича айбдорларга ҳукм ўқилд
Ҳодисалар

Фарғонада 105 нафар боғча боласи заҳарланган иш бўйича айбдорларга ҳукм ўқилд

40
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz.    Фарғона вилоятида давлат боғчаларига овқат етказиб берган Garden catering trade масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан боғлиқ жиноят иши бўйича суд ҳукми чиқарилди. 2026 йил февраль ойида компания етказиб берган таомни истеъмол қилганидан кейин 105 нафар болада заҳарланиш аломатлари кузатилганди. Суд иши давомида санитария талабларининг бузилиши, боғчаларга озиқ-овқат етказиб бериш ҳисоботларидаги қоидабузарликлар ва электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари ҳам кўриб чиқилди.

Batafsil.uz суд ҳужжати билан танишди.Жиноят ишлари бўйича Фурқат туман суди 2026 йил 21 сентябрда чиқарган ҳукмга кўра, Garden catering trade компанияси раҳбари Шавкат Турдалиевга бир нечта жиноятлар бўйича тайинланган жазолар қисман қўшилиб, якуний жазо сифатида 3 йил 9 кун муддатга озодликни чеклаш белгиланди. Унинг уйдан чиқиши иш вақти ва ишга бориб-келиш учун зарур бўлган вақтдан ташқари чекланади. Суд Турдалиевни 2026 йил 31 мартдан бери қамоқда сақлашга оид эҳтиёт чорасини бекор қилиб, уни суд залининг ўзида озод қилишни белгилади.

Ҳукмда қайд этилишича, компания раҳбари ва технологи Расулжон Алимов санитария талабларига риоя қилмаслик оқибатида болаларнинг оммавий заҳарланишига олиб келган. Шу билан бирга, суд компаниянинг аввалги раҳбари Иқболжон Бозоров ва ҳисобчи Аҳлиддин Сайфитдинов иштирокида бюджет маблағларини ўзлаштириш ҳамда сохта ҳужжатлардан фойдаланиш билан боғлиқ ҳолатларни ҳам аниқлаган.

Garden catering trade компанияси Фарғона вилоятидаги давлат мактабгача таълим ташкилотларига тайёр овқат етказиб бериш билан шуғулланган. Суд ҳужжатларида корхона Фарғона, Марғилон ва Қувасой шаҳарлари, шунингдек Қува ва Фарғона туманларидаги юзлаб боғчаларга хизмат кўрсатгани қайд этилган. Етказиб бериш тизими орқали 44 мингдан зиёд тарбияланувчини овқатлантириш назарда тутилган.

2026 йил 20 февраль куни компания томонидан тайёрланган таомлар давлат боғчаларига етказилган. Кейинги кундан бошлаб Фарғона шаҳридаги бир нечта боғчада тарбияланаётган болаларда қорин оғриғи, кўнгил айниши, қайт қилиш, ич кетиши ва тана ҳарорати кўтарилиши каби аломатлар кузатилган.

Суд ҳужжатига кўра, 21–22 февраль кунлари жами 105 нафар болада заҳарланиш билан боғлиқ ҳолатлар қайд этилган. Уларнинг айримлари юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган, тўрт нафар бола эса реанимация бўлимига жойлаштирилган. Суд материалларида болаларга ўткир диарея ва овқатдан заҳарланиш билан боғлиқ ташхислар қўйилгани келтирилган.

Эпидемиологик суриштирувда болалар 20 февраль куни боғчаларда гўштли "дўлма" истеъмол қилгани аниқланган. Санитария-эпидемиология хизмати хулосасида айнан шу овқатни истеъмол қилиш билан касалланиш ҳолатлари ўртасида боғлиқлик мавжудлиги қайд этилган.

Овқат намуналарида сальмонелла ва стафилококк топилган

Санитария-эпидемиология органлари томонидан ўтказилган текширувлар корхонадаги озиқ-овқат хавфсизлиги билан боғлиқ жиддий камчиликларни кўрсатган.

Суд ҳужжатида Фарғона шаҳридаги 2-, 15-, 22-, 31-, 58- ва 61-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотларига етказилган гўштли "дўлма"дан олинган намуналарда Salmonella enteritidis ва Staphylococcus aureus бактериялари аниқлангани айтилган.

Компания ошхонасидан олинган 316 та суртма намунасининг 80 тасида — яъни 25,3 фоизида — ичак таёқчаси гуруҳи бактериялари топилган. Яна 10 та намунада патоген стафилококк аниқланган. Бу ишлаб чиқариш муҳити ва санитария ҳолатига оид талаблар бажарилмаганини кўрсатувчи далиллар сифатида суд материалларига киритилган.

Текширув давомида корхона қабул қилган озиқ-овқат маҳсулотларининг 34 тури бўйича сифатни тасдиқловчи сертификатлар мавжуд эмаслиги ҳам аниқланган. Омборга қабул қилинган 11 461 килограмм "Меҳмон" номли ош тузи, 1 528 килограмм бодринг ва 9 050 килограмм ун сифати талабга жавоб бермагани сабабли истеъмолдан олиб ташланган.

Суд ҳукмида компания раҳбари Шавкат Турдалиев ва технолог Расулжон Алимов тайёр таомларни ишлаб чиқариш, сақлаш ва етказиб беришда санитария-гигиена талабларини бузгани қайд этилган. Жумладан, иссиқ таомларни белгиланган вақтдан ортиқ сақламаслик, уларни хавфсиз шароитда ташиш ва маҳсулотларнинг сифат талабларига жавоб беришини таъминлаш бўйича қоидаларга амал қилинмагани кўрсатилган.

Турдалиев судда айбловнинг бир қисмига қўшилмаган. У компанияда санитария назорати учун масъул ходимлар бўлганини, таомлар тайёрланиши ва етказилиши устидан назорат амалга оширилганини билдирган. Шунингдек, у овқатлар боғчаларга етказилганидан кейин қандай шароитда сақланганини билмаслигини айтган. Бироқ суд санитария-эпидемиологик текширувлар, лаборатория натижалари ва бошқа далилларни баҳолаб, Турдалиев ҳамда Алимовни болаларнинг оммавий заҳарланишига олиб келган санитария қоидаларини бузишда айбдор деб топган.

Бюджетдан тўланган маблағлар қандай ҳисоботлар асосида олинган?

Ишнинг иккинчи йирик қисми давлат боғчаларини овқатлантириш учун ажратилган маблағлар ва компания тақдим этган ҳисоботлар билан боғлиқ.

Суд аниқлаган ҳолатларга кўра, Шавкат Турдалиев компания бош ҳисобчиси Аҳлиддин Сайфитдинов билан биргаликда боғчалардаги тарбияланувчилар сонини сунъий равишда кўпайтириб кўрсатиш ва шу асосда тўловга сохта ҳисоботлар тақдим этиш орқали бюджет маблағларини ўзлаштирган.

Ҳукмда келтирилишича, болаларнинг амалдаги давомати ва кунлик талабномаларни тузиш тартибига риоя қилинмасдан, таомномаларда тарбияланувчилар сони асоссиз оширилган. Бу ҳисоботлар асосида бюджетдан 330,8 миллион сўм тўлангани қайд этилган.

Бундан ташқари, компания амалда харид қилмаган ёки болаларга етказиб берилгани тасдиқланмаган маҳсулотлар бўйича ҳам маълумот киритган. Суд ҳужжатида болалар учун белгиланган меъёрлар асосида 1 270 килограмм сариёғ ва 2 447 килограмм гўшт ҳисоботларда тўлиқ етказиб берилган деб кўрсатилгани, аслида эса бу маҳсулотлар харид қилинмагани айтилган. Ушбу маҳсулотлар бўйича 263,3 миллион сўм тўловга тақдим этилган.

Суд Турдалиевга нисбатан бюджет маблағларини ўзлаштириш билан боғлиқ айбловни ҳам тасдиқланган деб топган. Ҳукмда мазкур ҳолатлар бўйича жами 594,1 миллион сўм бюджет маблағларини ўзлаштириш қайд этилган.

Собиқ директор даврида ҳам ҳисоботлар билан боғлиқ қоидабузарликлар бўлган

Суд ишида компаниянинг собиқ директори Иқболжон Бозоров ва ҳисобчи Аҳлиддин Сайфитдиновга тааллуқли алоҳида эпизодлар ҳам кўриб чиқилган. Ҳукмда Бозоров 2024 йил июнидан 2025 йил августигача компания директори бўлиб ишлагани кўрсатилган.

Суд аниқлаган ҳолатларга кўра, 2025 йил июль ойида Қувасой шаҳридаги 22 та таълим муассасаси учун тузилган таомномаларга белгиланган 30 фоизгача устама маблағлари ортиқча киритилган ва бу бўйича сохта ҳисоботлар тақдим этилган. Натижада бюджетдан 171,1 миллион сўм тўлангани ҳукмда қайд этилган.

Яна бир эпизод 2025 йил август ойида боғчаларга етказилган овқатлар билан боғлиқ. Суд ҳужжатида Марғилон, Қувасой, Қува ва Фарғона шаҳар-туманларидаги давлат мактабгача таълим ташкилотларига жами 53,4 миллион сўмлик тайёр овқат маҳсулотлари истеъмолга яроқсиз деб топилиб, компанияга қайтарилгани айтилган. Шунга қарамай, ушбу маҳсулотлар боғчаларга етказилгани ҳақида ҳисоботлар тузилиб, тўловга тақдим этилгани аниқланган.

Суд Бозоров ва Сайфитдиновни бюджет маблағларини ўзлаштириш ҳамда ҳужжатларни қалбакилаштириш билан боғлиқ жиноятларда айбдор деб топган. Ҳар иккисига якуний жазо сифатида иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда уч йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари тайинланган.

Қувасойда электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолати

Суд ишида компаниянинг Қувасой шаҳридаги 21-сонли давлат мактаб ва мактабгача таълим ташкилоти ошхонасидан фойдаланиши билан боғлиқ эпизод ҳам кўриб чиқилган.

Ҳукмга кўра, Garden catering trade компанияси 2025 йил 2 июлдан 3 декабргача бўлган даврда электр таъминоти шартномасисиз умумий электр тармоғига ўзбошимчалик билан уланган. Ҳисоб-китобда 35 296,8 киловатт-соат электр энергияси истеъмол қилингани ва бу ҳолат электр таъминоти корхонасига 105,89 миллион сўм зарар етказгани қайд этилган.

Суд Турдалиевнинг ҳаракатларини электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ жиноят сифатида баҳолаган. Шу билан бирга, дастлабки айбловдаги айрим бандлар ҳукм чиқаришда ўзгартирилган: Турдалиевнинг айбидан Жиноят кодексининг 186-моддаси 4-қисми "б" банди ва 228-моддаси 2-қисми "а" банди чиқарилган, электр энергияси билан боғлиқ айблов эса 169-модданинг бошқа қисми бўйича қайта квалификация қилинган.

Суд қандай жазо тайинлади?

Фурқат туман судининг 2026 йил 21 сентябрдаги ҳукмига кўра, судланувчиларга қуйидаги жазолар тайинланган:

  • Шавкат Турдалиев — 3 йил 9 кун муддатга озодликни чеклаш. Унинг қамоқда сақлаш эҳтиёт чораси бекор қилиниб, суд залидан озод қилиниши белгиланган.

  • Расулжон Алимов — 2 йил 6 ой 9 кун муддатга озодликни чеклаш. У ҳам қамоқдан суд залининг ўзида озод қилиниши белгиланган.

  • Иқболжон Бозоров — иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари.

  • Аҳлиддин Сайфитдинов — иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари.

Суд жазо тайинлашда судланувчиларнинг аввал судланмагани, қилмишидан пушаймонлиги, жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар мавжуд эмаслиги ва етказилган моддий зарар қопланганини енгиллаштирувчи ҳолатлар сифатида инобатга олган. Жабрланувчиларнинг қонуний вакиллари ҳам судда болалар даволаниб чиққанини, уларга етказилган зарар қопланганини билдирган ва айримлари судланувчиларга нисбатан енгиллик беришни сўраган.

Бюджетга 1,1 миллиард сўм қайтарилади

Суд жиноят оқибатида етказилган зарарни қоплаш масаласини ҳам ҳал қилган. Ҳукмда Андижон вилояти прокуратурасининг "Ипотекабанк"даги депозит ҳисобварағида турган маблағдан 1 миллиард 113,9 миллион сўмни давлат бюджетига ўтказиш белгиланган.

Электр энергиясига етказилган зарарни қоплаш учун ўтказилган 1 миллиард 628,94 миллион сўмдан 105,89 миллион сўм Қувасой шаҳар "Энергосавдо" корхонасининг ҳисобварағига ўтказилиши, қолган 1 миллиард 523,05 миллион сўм эса Garden catering trade компанияси ҳисобварағига қайтарилиши белгиланган.

Ҳукмдан норози тарафлар унинг эълон қилинган кунидан, судланувчилар эса ҳукм нусхасини олган кундан бошлаб ўн сутка ичида апелляция шикояти бериш ҳуқуқига эга. Ҳукм қонуний кучга кирганидан кейин ҳам кассация тартибида шикоят қилиш мумкин.

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...