Ўзбекистон, Тошкент –Batafsil.uz. ЯА Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Шри Сантоша Джанинг сўзларига ҳавола қилган ҳолда мухбиримиз хабар қилишича, Ҳиндистон Ўзбекистонга инфратузилмавий лойиҳалар учун 1 миллиард долларлик имтиёзли кредит таклиф қилган.
Ҳиндистон ташкил топган куннинг 71 йиллигига бағишланган қабулда элчи: "Бизнинг Ўзбекистон билан ҳамкорлигимизни кенгайтиришга имкон бераётган яна бир йўналиш - инфратузилмани ривожлантиришдан иборат. Шу мақсадда Ҳиндистон Ўзбекистонга 1 миллиард доллар миқдорида имтиёзли кредит линиясини таклиф этди. 200 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит линиясини тақдим этиш тўғрисида келишув 2019 йил январь ойидан бошлаб амал қилмоқда”, - деди.
Унинг сўзларига кўра, Ҳиндистон Ўзбекистонда грант ёрдамида кичик ижтимоий ривожланиш лойиҳаларини қўллаб-қувватлашни таклиф қилган. Элчининг таъкидлашича, айни пайтда Ўзбекистон тараққиётининг устувор йўналишларидан келиб чиққан ҳолда турли соҳалардаги лойиҳалар кўриб чиқилмоқда.
"Иқтисодий ўзгаришлар ва ислоҳотлар жараёнида табиийки, мамлакатларимиз савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга катта аҳамият беришмоқда. 2019 йил сентябрь ойида биз имтиёзли савдо шартномасини тузиш имкониятини аниқлаш учун Қўшма тадқиқот гуруҳини тузиш тўғрисида қўшма баёнотни имзоладик. Бундан ташқари, иккала давлатнинг қишлоқ хўжалиги экспортидан фойдаланишини таъминлаш учун яқин ҳамкорлик қилмоқдамиз”, - деди ҳиндистонлик дипломат.
Шунингдек, элчининг айтишича, Ҳиндистон Ўзбекистон билан ер усти транспорт алоқаларини ривожлантиришга интилиш биробарида ҳаво транспорти коридорларини яратишдан манфаатдор эканлигини айтиб ўтди.
"Ҳиндистон ва Ўзбекистон ўртасидаги тўғридан-тўғри ҳаво алоқалари сайёҳлар сонини оширмоқда. Биз бундай алоқаларни янада кенгайтириш устида ишламоқдамиз", - деди у.
Изоҳлар мавжуд емас