Загрузка
Загрузка
Қозоғистон–Ўзбекистон чегарасида 990 та юк машинаси навбатда турибди
Иқтисод

Қозоғистон–Ўзбекистон чегарасида 990 та юк машинаси навбатда турибди

29
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz.  Қозоғистоннинг Туркистон вилоятидаги "Бауиржан Қўнисбоев" назорат-ўтказиш пунктида Ўзбекистонга ўтишни кутаётган 990 та юк машинаси тўпланиб қолган. Ҳайдовчиларнинг айтишича, навбат 40 километрга чўзилган, чегарадан ўтиш учун эса бир неча кун кутишга тўғри келмоқда.

Навбатнинг юзага келишига Хитойдан Қозоғистон орқали Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатларига юборилаётган юклар ҳажми ошгани сабаб бўлган. Шунингдек, Россия ва Беларусдан келаётган юк машиналари ҳам транспорт оқимини кўпайтирган.

2026 йилнинг январь–октябрь ойларида Қозоғистон ва Ўзбекистон чегарасидан 741,5 мингта юк машинаси ўтган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 16,2 фоиз кўп. "Бауиржан Қўнисбоев" пункти бир кунда 1 мингта машинани ўтказишга мўлжалланган бўлса-да, 23 октябрдан 15 ноябргача кунига ўртача 1,5 мингга яқин машинани қабул қилган. Шунга қарамай, тирбандлик бартараф этилмаган.

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев 13 ноябрь куни ўтказилган йиғилишда транспорт-логистика тизимидаги муаммоларни танқид қилган. У чегара ва божхона жараёнларини такомиллаштириш, логистика марказларини кенгайтириш ҳамда юк ташишдаги тўсиқларни бартараф этиш бўйича вазифалар белгилаган.

Шу билан бирга, 9 ноябрдан учта назорат-ўтказиш пунктида электрон навбат орқали жой банд қилишда 20 ойлик ҳисоб-китоб кўрсаткичи миқдорида кафолат пули жорий этилган.

Агар ҳайдовчи белгиланган вақтда чегарага етиб келса, пул қайтарилади. 90 кун ичида икки марта белгиланган вақтда келмаган ташувчиларнинг кафолат пули эса қайтарилмайди.

Айни пайтда Қозоғистон ва Хитой ўртасидаги темир йўл орқали юк ташиш ҳажми ҳам ўсган. 2026 йилнинг ўн ойида ушбу йўналишда 31,8 миллион тонна юк ташилган, бу ўтган йилга нисбатан 8 фоиз кўп. Қозоғистон томони Жетису вилоятида 50 миллион долларлик транспорт-логистика марказини қуришни ҳам муҳокама қилмоқда.

Лойиҳа амалга ошса, "Нур Жолы" чегара пунктининг ўтказиш имкониятини ошириш ва тирбандликни камайтириш кўзда тутилган.

Олдинроқ 2026 йил 9 ноябрдан бошлаб Ўзбекистондан Қозоғистонга юк ташувчи халқаро автотранспорт воситалари учун учта чегара ўтказиш пунктида электрон навбатни брон қилишда 86 500 тенге миқдорида кафолат пули талаб этилиши ҳақида хабар берилганди.

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...