Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. "Ўзбекнефтгаз" 20 октябрь куни нефт базалари 2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойида 25,2 миллиард сўм соф фойда олганини маълум қилган эди. Бироқ Коррупцияга қарши курашиш агентлиги 19 ноябрь куни шу давр учун 44 миллиард сўмлик фойда ҳақида хабар берди. Икки расмий маълумот ўртасида 18,8 миллиард сўмлик фарқ бор. Ҳолат юзасидан Batafsil.uz мухбири мутасаддиларга сўров юборди. Агентлик эса фарқ бўйича ўз муносабатини билдирди.
Агентликнинг изоҳ беришича, 25,2 миллиард сўмлик кўрсаткич "Ўзбекнефтгаз" тизимидаги нефт базаларининг 9 ойлик фаолияти якунларига бағишланган йиғилишда келтирилган дастлабки ҳисоб-китоб бўлган. Кейинчалик нефт базалари томонидан бухгалтерия баланси ва молиявий ҳисоботлар тақдим этилганидан сўнг, соф фойда 44 миллиард сўмдан ошгани маълум бўлган.
Идора бунда 2024 йил 4 ноябрда тасдиқланган 3567-сонли низомни асос сифатида келтирган. Унга мувофиқ, чораклик молиявий ҳисоботлар ҳисобот давридан кейинги ойнинг 20-санасига қадар тақдим этилиши белгиланган.
Агентлик нефт базаларининг молиявий натижалари яхшиланишини рақамлаштириш ва коррупцияга қарши назорат тизимининг кучайтирилиши билан ҳам изоҳлаган. Хусусан, сунъий интеллект технологиялари асосида ишлайдиган "Вазиятлар маркази" ташкил этилган, унга 550 дан ортиқ видеокузатув камераси интеграция қилинган. Уларнинг 98 таси интеллектуал камералар ҳисобланади. Шунингдек, нефт базаларига 68 та сатҳ ўлчагич ўрнатилган.
Маълумот учун, 20 октябрьдаги "Ўзбекнефтгаз" маълумотида ўтган йилнинг мос даврида нефт базалари 108,3 миллиард сўм зарар кўргани, 2026 йилнинг тўққиз ойида эса 13 та нефт база фойда билан ишлаётгани айтилган. Компания 25,2 миллиард сўмлик натижани нефт базалари тарихидаги илк ижобий молиявий кўрсаткич сифатида баҳолаган.
Ўша ҳисоботда бошқа ижобий кўрсаткичлар ҳам келтирилган. Хусусан, нефт базалари орқали 191 минг тонна маҳсулот етказиб берилган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,7 баравар кўп. АЁҚШларда кунлик савдо ҳажми эса йил бошидаги 245 минг литрдан 1 миллион 237 минг литрга етган.
Шунингдек, 121 та ФЁТШ замонавий АЁҚШга айлантирилган, 56 та шохобчага 87 та янги ёқилғи тарқатиш ускунаси ўрнатилган. Бухоро нефтни қайта ишлаш заводининг кредитор қарздорлиги 296,7 миллиард сўмга, истеъмолчиларнинг дебитор қарздорлиги эса 56,8 миллиард сўмга қисқартирилган.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги юқоридаги 19 миллиард сўмлик фойдани дастлабки ва якуний ҳисоб-китоблар ўртасидаги фарқ билан изоҳлади.

Изоҳлар мавжуд емас