Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон Ҳарбий суди Саид Абдулазиз Юсуповни конституциявий тузумга тажовуз қилиш ва туҳматда айбдор деб топиб, 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилди. Ҳукм 2026 йил 20 ноябрь куни эълон қилинган.
Ҳолат юзасидан Batafsil.uz мухбири Олий судга сўров юборди, аммо ҳолат юзасидан муносабат билдирилмади.
Бироқ Kun.uz хабар беришича, Юсупов Жиноят кодексининг 159-моддаси 3-қисми (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш), шунингдек, 139-моддаси 2-қисмининг "а" ва "г" бандларида (оғирлаштирувчи ҳолатларда туҳмат) назарда тутилган жиноятларни содир этишда айбли деб топилган.
Ижтимоий тармоқлардаги хабарларга кўра, Юсуповга нисбатан жиноят иши "Ниқобдаги одам" номли материаллар туркуми эълон қилинганидан кейин қўзғатилган.
Бу Саид Абдулазиз Юсуповга нисбатан қўзғатилган биринчи жиноят иши эмас. У 2019 йил 10 май куни фирибгарликда гумонланиб қўлга олинган. Ўшанда унга ўзганинг мулкини ўзлаштириш ёки растрата қилиш, фирибгарлик ва пора бериш айбловлари қўйилган.
Ўша йил сентябрь ойида иш бўйича ёпиқ суд жараёни бошланган. Дастлаб суд Юсуповга 6,5 йиллик озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган. Кейинчалик бу жазо 2,5 йиллик ахлоқ тузатиш ишларига алмаштирилган ва у 2020 йил 8 июль куни озодликка чиққан.
Олий суд ўшанда жазони енгилроғига алмаштиришга фирибгарлик натижасида етказилган зарар тўлиқ қоплангани асос бўлганини билдирган. Бироқ Юсупов оқланмаган.
Саид Абдулазиз Юсупов 44 ёш бўлиб, Навоий вилоятида туғилган. У 2019 йилда ҳибсга олингунга қадар Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди директори вазифасини бажарувчи сифатида ишлаган.

Изоҳлар мавжуд емас