Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Халқаро VEON телекоммуникация гуруҳи Ўзбекистон ва Қозоғистонда банк бозорига кириш имкониятларини кўриб чиқмоқда. Компания мавжуд банклардан бирини сотиб олиш ёки нолдан янги банк ташкил этиш орқали лицензия олиш вариантларини ўрганяпти. Бу ҳақда гуруҳ вакиллари Нью-Йоркда ўтказилган инвесторлар учун Capital Markets Day тадбирида маълум қилган.
Бу ҳақда компаниянинг тўловлар ва рақамли активлар бўйича директори Аҳмет Кайхан 16 ноябрь куни Нью-Йоркда ўтказилган Capital Markets Day тадбирида маълум қилган. У инвесторлар билан суҳбатда VEON Ўзбекистон ва Қозоғистонда банк лицензиясини олиш имкониятларини кўриб чиқаётганини айтган.
"Ўзбекистонда ҳам, Қозоғистонда ҳам мавжуд банкни сотиб олиш ёки янги банк ташкил этиш орқали банк лицензиясини олишга интилмоқдамиз", — деган у.
Компаниянинг АҚШ Қимматли қоғозлар ва биржалар комиссияси (SEC) базасида эълон қилинган тақдимотида ҳам Ўзбекистон ва Қозоғистон молиявий хизматларни кенгайтириш режалаштирилган бозорлар сифатида кўрсатилган.
Банк лицензиясини олиш компанияга электрон тўловлар ва микрокредитлашдан ташқари депозитлар жалб қилиш, йирикроқ кредитлар ажратиш имконини беради. Кейинги босқичларда суғурта ва инвестиция маҳсулотларини ҳам ривожлантириш режалаштирилган.
VEON Ўзбекистонда қандай молиявий хизматларни кўрсатмоқда?
Ҳозирда компания мамлакатда Beepul электрон ҳамёни орқали тўлов хизматларини кўрсатмоқда ва микрокредитлаш йўналишини ривожлантирмоқда. VEON ўз баҳосига кўра, Beepul Ўзбекистондаги электрон ҳамёнлар бозорида тўртинчи ўринни эгаллайди.
2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида Beeline Uzbekistan ва гуруҳнинг мамлакатдаги бошқа хизматлари даромади 5,9 фоизга ўсиб, 3,03 триллион сўмга етган. EBITDA кўрсаткичи эса 4,4 фоизга ошиб, 1,1 триллион сўмни ташкил қилган.
Умумий даромаднинг 2,55 триллион сўми телекоммуникация ва инфратузилма бизнесига, 483,2 миллиард сўми эса рақамли хизматларга тўғри келган. Рақамли хизматлардан тушган даромад бир йилда 20,1 фоизга ошган.
2026 йилнинг учинчи чораги якунига кўра, Beeline Uzbekistan қарийб 7,4 миллион мобил алоқа абонентига хизмат кўрсатган. Hambi супериловасининг аудиторияси 4,9 миллион, Kinom платформасиники 2,9 миллион нафарни ташкил этган. Beepul ва OQ рақамли брендининг ҳар бирида 800 минг нафардан фаол фойдаланувчи бўлган.
VEON Ўзбекистондаги иштирокини Perfectum орқали ҳам кенгайтирмоқда
Компаниянинг банк бозорига кириш режалари унинг Ўзбекистондаги бошқа инвестициялари фонида эълон қилинди.
Аввалроқ Batafsil.uz VEON гуруҳи Perfectum бренди остида ишлайдиган Rubicon Wireless Communication компаниясининг 100 фоиз улушини қарийб 207 миллион долларга сотиб олиш бўйича келишувга эришгани ҳақида хабар берганди. Битим қийматига компаниянинг тахминан 93 миллион долларлик мавжуд молиявий қарзи ҳам киритилган.
Perfectum активлари таркибида 850 МГц ва 3800 МГц диапазонларидаги жами 115 МГц радиочастота ресурси, тармоқ ускуналари ҳамда Nokia технологиялари асосида қурилган мустақил 5G тармоғи мавжуд.
Batafsil.uz маълумотларига кўра, Рақобат қўмитаси VEON'нинг ушбу битимига бир қатор шартлар асосида олдиндан розилик берган. Хусусан, Perfectum камида уч йил давомида алоҳида фаолият юритиши ва 5G Standalone технологиясини мамлакатнинг бошқа ҳудудларига ҳам кенгайтириши керак.
Шунингдек, амалдаги абонентлар учун 5G FWA тарифлари 12 ой давомида ўзгаришсиз сақланиши, интернетнинг ўртача тезлиги 300 Мбит/с дан пасайтирилмаслиги белгиланган. Оператор абонентларни бошқа хизматлардан фойдаланишга мажбурлаши ёки уларнинг бошқа мобил операторларга ўтиш ҳуқуқини чеклаши мумкин эмас.
Компаниянинг 2030 йилгача бўлган режалари
VEON 16 ноябрдаги тақдимотида 2030 йилгача мўлжалланган ривожланиш стратегиясини ҳам эълон қилган. Унга кўра, компания рақамли хизматлар улушини умумий даромадининг қарийб 50 фоизига етказишни мақсад қилган. 2026 йилнинг учинчи чорагида бу кўрсаткич 27,2 фоизни ташкил этган.
Шунингдек, гуруҳ 2026–2030 йилларда даромад ва EBITDA кўрсаткичларини ҳар йили органик равишда 12–15 фоизга оширишни режалаштирмоқда.
VEON июль ойида Mastercard билан ҳам Ўзбекистон, Қозоғистон, Покистон ва Украинада молиявий хизматларни ривожлантириш бўйича ҳамкорликни эълон қилган. Ушбу ҳамкорлик доирасида рақамли ҳамёнлар, сунъий интеллект асосида кредит қобилиятини баҳолаш, пул ўтказмалари ва кичик бизнес учун молиявий хизматларни ривожлантириш кўзда тутилган.

Изоҳлар мавжуд емас