Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Покистоннинг Балужистон вилоятида, Гвадар округидаги Ормара ҳудуди яқинида йўловчи автобус газ ташувчи цистерна билан тўқнашди. Ҳодисадан кейин икки транспорт воситасида ёнғин чиқиб, камида 10 киши ҳалок бўлди, 27 киши жароҳатланди.
Маълумотларга кўра, Турбат шаҳридан Карачига йўл олган автобус Макран соҳил йўлида цистерна билан тўқнашган. Зарба оқибатида ҳар икки транспорт воситаси ёнғинга чулғанган ва айрим йўловчилар автобус ичида қолиб кетган.
Қутқарувчилар ҳалок бўлганларнинг жасадларини ва жароҳатланганларни олиб чиққан. Жабрланувчилар Ормара ва Паснидаги шифохоналарга етказилган. Шунингдек, ҳалок бўлганларнинг саккиз нафари автобусдан, икки нафари эса цистернадан топилган.
Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф ва президент Осиф Али Зардорий ҳалок бўлганларнинг яқинларига ҳамдардлик билдириб, жабрланганларга зарур тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича топшириқ берган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тбилисидаги газ портлаши оқибатида олти киши ҳалок бўлганди.

Изоҳлар мавжуд емас