Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Марказий Осиё мамлакатлари Made in Central Asia умумий саноат брендини яратиш ва ўзаро савдони 20 миллиард долларга етказишга келишиб олдилар.
Бу ҳақда 13 ноябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган минтақа ва Озарбайжон савдо ва инвестиция вазирлари кенгашининг биринчи йиғилишида маълум қилинди.
Вазирлар минтақавий савдони кенгайтириш ва саноат кооперациясини ривожлантириш чора-тадбирларини муҳокама қилдилар. Қўшма ишлаб чиқариш майдонларини яратиш, инфратузилма ва саноат лойиҳаларини амалга оширишга халқаро молия институтларини жалб қилиш, шунингдек, таъминот занжирларини интеграция қилишнинг янги механизмларини ишга тушириш устувор вазифалар қаторига киради.
Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари билан товар айирбошлаш ҳажми ўсишда давом этаётгани таъкидланди. Агар 2017 йилда у 3,2 миллиард долларни ташкил этган бўлса, 2024 йилга келиб 6,9 миллиард долларга етди.
Йиғилиш давомида томонлар божхона ва чегара тартиб-таомилларини янада мақбуллаштириш, транспорт-логистика инфратузилмасини уйғунлаштириш, ишлаб чиқариш занжирларини бирлаштириш ва юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар экспортини оширишга қодир саноат хабларини яратиш зарурлигини ҳам қайд этдилар.
Учрашув якунида қўшма коммюнике имзоланиб, унда иқтисодий ҳамкорлик, саноат кооперацияси ва инвестициявий шерикликни ривожлантириш бўйича келишувлар мустаҳкамланди.

Изоҳлар мавжуд емас