Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда давлат бюджетидан маблағ ажратилган бўлса-да, айрим таълим муассасаларини жиҳозлаш ҳамда беморларни бепул дори воситалари ва тиббий ускуналар билан таъминлаш ишлари ўз вақтида бажарилмаётган ҳолатлар аниқланган. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Шарофиддин Назаров маълум қилди.
Олий мажлисидаги йиғилишда 2026 йилнинг биринчи ярмида давлат бюджети ижроси муҳокама қилинган. Депутат айрим давлат агентликлари ва идораларида бюджет харажатларини амалга ошириш суст кечганини айтган.
Унинг таъкидлашича, марказлашган инвестиция лойиҳалари, фан ва таълимни ривожлантириш, ҳудудларни ободонлаштириш ишларини молиялаштиришда ҳам кутилган натижаларга эришилмаган. Инфратузилма дастурларига киритилган янги объектлар бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларининг ўз вақтида тасдиқланмагани эса ижтимоий ва таълим муассасаларини белгиланган муддатда фойдаланишга топширишга хавф туғдирмоқда.
Депутат инвестиция лойиҳаларининг бизнес режалари ва ўзини қоплаш хавфини олдиндан баҳолаш тизимини қайта кўриб чиқиш зарурлигини билдирган. Шунингдек, лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлашдаги бюрократик тўсиқларни бартараф этиш бўйича аниқ чоралар белгилаш таклиф қилинган.
Шарофиддин Назаров Ҳисоб палатаси хулосаларида ҳам айрим муҳим молиявий кўрсаткичлар тўлиқ акс этмаётганини қайд этган Хусусан, солиқ ва бюджет кўрсаткичлари ўртасида тафовутлар сақланиб қолаётгани айтилган.
Депутатнинг сўзларига кўра, солиқ органларининг ахборот тизимлари ва бюджет ҳисоблари ўртасидаги тафовутлар туфайли юридик шахсларнинг умумий солиқ қарздорлиги ҳамда тадбиркорлар томонидан ортиқча тўланган солиқ суммалари ҳисоботларда тўлиқ акс этмаяпти. Жисмоний шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг солиқ қарздорлиги бўйича маълумотлар ҳам тўлиқ қамраб олинмаётгани танқид қилинган.
Шу муносабат билан Солиқ қўмитасининг ахборот тизимларини бюджет ҳисоботлари билан тўлиқ интеграция қилиш, ҳақиқий солиқ қарздорлиги ва ортиқча тўловлар ҳақидаги маълумотларнинг шаффофлигини таъминлаш ҳамда қарздорликни ундириш бўйича тезкор чоралар кўриш зарурлиги таъкидланган.

Изоҳлар мавжуд емас