Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Польша компаниялари Польша ва Европа Иттифоқи бозорларида сотиш учун Ўзбекистонда кийим-кечак ишлаб чиқариш бўйича буюртмалар ҳажмини сезиларли даражада оширишни режалаштирмоқда.
Хабарларга кўра, Тошкентда ўтказилган тўқимачилик кўргазмаси якунлари бўйича поляк тадбиркорлари ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ўртасида 15 га яқин йирик шартномалар тузилиши кутилмоқда.
Мариан Пшезьдзецкийнинг таъкидлашича, Польшада аҳолининг қариши ва иш ҳақи миқдорининг муттасил ошиши сабабли костюм-шимлар ҳамда бошқа тўқимачилик маҳсулотларини мамлакат ичида ишлаб чиқариш иқтисодий жиҳатдан ўз-ўзини оқламай қўйган.
Шу сабабли Ўзбекистон арзон ва сифатли хомашё, замонавий ускуналар ҳамда малакали мутахассисларга эга экани билан поляк инвесторлари учун қулай ишлаб чиқариш майдонига айланмоқда.
Мамлакатимизда тайёрланган маҳсулотлар Польша брендлари остида Европа бозорларига чиқарилади.
Бундан ташқари, Польшанинг Лодзь шаҳрида ўзбек тадбиркорлари учун тўқимачилик хаби ташкил этилган бўлиб, у маҳаллий маҳсулотларни Yevropa бўйлаб сотишга хизмат қилмоқда.
Шу билан бирга, томонлар ўртасидаги савдо алоқаларида логистика асосий тўсиқ бўлиб қолмоқда. Уруш сабабли анъанавий транспорт йўлларининг ёпилиши етказиб бериш харажатларини ошириб юборган.
Ҳозирда муқобил ҳисобланган Каспий денгизи орқали ўтувчи коридор анъанавий қуруқликдаги йўлларга қараганда икки баравар қимматга тушмоқда. Вазиятни ўнглаш ва харажатларни камайтириш мақсадида Каспий орқали юк ташувчи паромлар сонини кўпайтириш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.
Тўқимачиликдан ташқари, Польша ва Ўзбекистон энергетика, тоғ-кон саноати ҳамда озиқ-овқат соҳаларида ҳам ҳамкорликни ривожлантирмоқда.
Хусусан, Польшанинг сут кукунидан Ўзбекистонда сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаси кўриб чиқилмоқда.
Санкциялар ва геосиёсий вазиятга тўхталар экан, дипломат Польша Россиянинг ҳарбий ёки мудофаа секторига хомашё етказиб берувчи компаниялар билан асло ҳамкорлик қилмаслигини ва Европа Иттифоқи санкцияларини четлаб ўтиш ҳолатлари синчковлик билан назорат қилинишини алоҳида таъкидлаб ўтган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида мамлакатимиз енгил саноат салоҳияти ва тўқимачилик соҳасидаги ютуқлар билан танишганди.

Изоҳлар мавжуд емас