Загрузка
Загрузка
715 минг сўмга яшаш: овқат, автобус, коммунал тўлов ва даволанишга қанча пул кетади??
Жамият

715 минг сўмга яшаш: овқат, автобус, коммунал тўлов ва даволанишга қанча пул кетади??

69
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz.   Ўзбекистонда 2026 йил учун камбағаллик чегараси киши бошига ойига 715 минг сўм этиб белгиланган. Бу кунига 23,8 минг сўмдан тўғри келади. Бироқ одам фақат овқат еб яшамайди: ишга бориши, телефондан фойдаланиши, электр, газ ва сув учун тўлаши, кийим олиши, касал бўлса даволаниши ҳам керак. Ушбу харажатларни бирма-бир ҳисобласак, расмий чегаранинг ҳақиқий имкониятлари қандай кўринади?

Аввал овқатланиш харажатларини ҳисоблайлик

Соғлом овқатланишни баҳолашда халқаро амалиётда кунига тахминан 2 330 килокалориялик намунавий рациондан фойдаланилади. Бу барча инсонлар учун бир хил меъёр эмас, аммо озиқ-овқат бюджетини таққослашга ёрдам беради.

Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг 15 октябрь куни учун эълон қилган Қўйлиқ улгуржи деҳқон бозори нархларида мол гўштининг килограмми 75 минг сўмдан, гуруч 13 минг сўмдан, мош 15 минг сўмдан бошланган. Картошка 2,5 минг, сабзи 3,5 минг, помидор 4 минг, олма 6 минг, банан эса 13 минг сўмдан таклиф қилинган.

Бу нархлар улгуржи бозорга тегишли. Шу сабабли уларни Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидаги чакана нархлар билан тенглаштириш мумкин эмас. Лекин улар минимал даромаднинг харид қобилиятини текшириш учун амалий мисол бўла олади.

Энг аввало, 715 минг сўмни кунларга тақсимлаймиз. Бир киши учун кунига тахминан 23 833 сўм тўғри келади.

Агар киши бир ой давомида ҳар куни 100 граммдан мол гўшти истеъмол қилса, унга 3 килограмм гўшт керак бўлади. Энг паст улгуржи нархда бу 225 минг сўмга тушади. Яъни бутун ойлик минимал истеъмол харажатларининг қарийб учдан бир қисми фақат гўштга сарфланади.

Бу ҳали нон, ун, ёғ, тухум, сут-қатиқ, сабзавот, мева ва бошқа озиқ-овқатларсиз ҳисоб. Албатта, инсон оқсилни фақат гўштдан олмайди: тухум, мош ва бошқа дуккаклилар ҳам муқобил манбалар ҳисобланади. Бироқ улар ҳам бепул эмас.

Масалан, бир ойлик озиқ-овқат харидида 5 килограмм картошка, 3 килограммдан пиёз, карам, сабзи ва помидор, 2 килограмм бодринг, 3 килограмм гуруч, 3 килограмм мол гўшти, 3 килограмм олма, 2 килограмм банан ва 1 килограмм мош олинса, расмдаги энг паст улгуржи нархлар асосида жами 381 100 сўм сарфланади.

Бу ҳисобда ҳам маҳсулотларнинг энг паст улгуржи нархлари олинган, нон, ун, ёғ, тухум ва сут маҳсулотлари эса тўлиқ қамраб олинмаган.

Шунинг учун 381 минг сўмни тўлақонли рационнинг якуний қиймати деб бўлмайди. Турли озиқ-овқат гуруҳларини қамраб оладиган, кунига тахминан 2 330 килокалорияга мўлжалланган рацион учун 500–600 минг сўмни дастлабки ҳисоб-китоб диапазони сифатида олиш мумкин. Бу расмий статистик кўрсаткич эмас, балки бозор нархлари асосида текширилиши керак бўлган тахминий бюджетдир.

Демак, 715 минг сўмнинг 500–600 минг сўми озиқ-овқатга кетса, бошқа барча эҳтиёжлар учун атиги 115–215 минг сўм қолади.

Энди шу қолган пулдан одамнинг кундалик ҳаёти учун қанча сарфланишини кўрамиз.

Автобусга ойига 100 минг сўм

Тошкентда 2026 йил 1 октябрдан автобус ва метро учун электрон тўловда бир марталик йўл ҳақи 2 500 сўмга оширилганди.

Ишга қатнайдиган одамни олайлик. У эрталаб ишга бориш ва кечқурун уйга қайтиш учун кунига икки марта автобусдан фойдаланса, бир кунлик харажати 5 000 сўм бўлади.

Бир ойда 20 иш куни ҳисобланганда, транспортга 100 минг сўм сарфлайди. Бу фақат ишга бориб-келиш харажати. Бошқа кунлардаги қатновлар, дам олиш кунидаги сафарлар ёки бир нечта транспортдан фойдаланиш ҳисобга киритилмаган.

Шу тариқа, озиқ-овқат учун 500–600 минг сўм ва автобус учун 100 минг сўм сарфланса, 715 минг сўмдан 15–115 минг сўм қолади.

Телефон учун яна 40 минг сўм

Телефон бугун фақат мулоқот воситаси эмас. Иш қидириш, иш берувчи билан боғланиш, банк хизматлари ва давлат хизматларидан фойдаланиш учун ҳам зарур.

Ойлик алоқа харажатини 40 минг сўм деб олсак, озиқ-овқат ва транспортдан кейинги қолдиқдан яна шу сумма айирилади.

Натижада коммунал тўловлар ҳали ҳисобланмасиданоқ, 715 минг сўмдан 25–75 минг сўмгина қолади. Агар озиқ-овқат харажати 600 минг сўмга яқин бўлса, телефон ва автобус учун тўловларнинг ўзи қолган маблағнинг деярли барчасини еб қўяди.

Коммунал тўловлар: электр, газ, сув ва иситиш

Энг муҳим харажатлардан бири — уй-жой коммунал хизматлари. Бу борада ҳам нархлар ўзгармоқда.

2026 йил 15 майда 1 июндан электр энергияси ва табиий газ тарифлари оширилишини хабар қилганди. Янги тартибда аҳоли учун электр энергиясининг дастлабки 200 киловатт-соат қисми 650 сўмдан, табиий газнинг белгиланган ижтимоий меъёр доирасидаги қисми эса бир куб метр учун 1 100 сўмдан ҳисобланади. 

2025 йил октябрида Тошкентда иссиқ сув ва иситиш тарифлари 15 фоизга оширилгани ҳақида ҳам ёзгандик. 2026 йил сентябрида эса Тошкент вилоятида ичимлик суви ва оқова сув тарифлари 1 октябрдан оширилиши маълум қилинган. Бу тарифлар ҳудуд ва хизмат турига қараб фарқ қилади. 

Бир киши учун коммунал харажатларнинг аниқ миқдори уйнинг майдони, қишда иситиш усули, сув ва газ сарфи, ҳисоблагичлар ҳамда бир хонадонда яшовчилар сонига боғлиқ. Шунинг учун барча аҳолига бир хил сумма белгилаш тўғри эмас.

Бироқ содда мисол келтирамиз. Ойига 100 киловатт-соат электр энергияси ишлатилса, амалдаги тариф бўйича 65 минг сўм тўланади. 30 куб метр газ эса ижтимоий меъёр доирасида 33 минг сўмга тушади. Сув, оқова сув, иссиқ сув, чиқинди ва иситиш харажатлари ҳам қўшилади.

Уй шароитига қараб, бир киши ҳиссасига коммунал тўловлар учун ойига тахминан 150–250 минг сўм ажратишни намунавий ҳисоб сифатида кўриш мумкин. Бу расмий ўртача кўрсаткич эмас; айниқса, қишда иситиш харажати бундан юқори бўлиши мумкин.

Энди ҳисобни жамлаймиз. Озиқ-овқат учун 500–600 минг сўм, автобусга 100 минг, телефонга 40 минг ва коммунал хизматларга 150–250 минг сўм кетса, бир ойлик зарур харажатлар 790 минг сўмдан 990 минг сўмгача етади.

Бу ҳисобга ҳали кийим-кечак, пойабзал, дори-дармон, шифокор қабули, шахсий гигиена воситалари ва кутилмаган харажатлар киритилмаган.

Кийим ва даволаниш учун қанча пул қолади?

Юқоридаги ҳисобдаёқ ойлик харажатлар 715 минг сўмлик чегарадан 75–275 минг сўмга юқори чиқмоқда. Демак, ушбу сценарийда кийим-кечак ва даволаниш учун пул қолмайди — аксинча, инсоннинг энг зарур харажатларини қоплаш учун ҳам маблағ етишмайди.

Кийим ҳар ой сотиб олинмаслиги мумкин. Лекин унинг харажати йўқолиб қолмайди: қишки кийим, пойабзал, иш кийими ёки эскирган буюмни алмаштириш учун вақт ўтиши билан пул тўплаш керак. Даромади минимал чегарага яқин одам эса бу харажатни кечиктириши ёки энг арзон маҳсулотни танлаши мумкин.

Касалликдаги харажатлар янада мураккаб. Одамга шифокор қабули, таҳлиллар, дори-дармон ёки даволаниш керак бўлиши мумкин. Уларнинг қиймати касаллик ва тиббий хизмат турига қараб фарқ қилади. Шу сабабли ҳамма учун бир хил тиббий харажатни белгилаш мумкин эмас.

Аммо ҳисоб-китобда даволаниш учун умуман маблағ қолмаслиги — жиддий ижтимоий хавф. Чунки касалликни даволашни кечиктириш кейинчалик оғирроқ ҳолат ва каттароқ харажатларга олиб келиши мумкин.

Етарли овқатланмаслик қандай оқибатларга олиб келади?

Агар одам озиқ-овқатни тежаш учун фақат арзон ва қорин тўйдирадиган маҳсулотларга таянса, у етарли калория олган тақдирда ҳам оқсил, темир, витаминлар ва бошқа зарур моддаларни кам истеъмол қилиши мумкин.

Узоқ давом этган етарсиз ёки бир хил овқатланиш чарчоқ, иш қобилияти пасайиши ва озуқа моддалари етишмовчилиги хавфини оширади. Айрим ҳолларда камқонлик ва иммунитет фаолияти билан боғлиқ муаммолар ҳам юзага келиши мумкин. Болаларда эса сифатли овқатланишнинг етишмаслиги ўсиш ва ривожланишга салбий таъсир қилиши мумкин.

Бу оқибатлар ҳар бир кам даромадли одамда албатта кузатилади, дегани эмас. Лекин инсон тўйимли ва хилма-хил овқатланишни мунтазам қисқартиришга мажбур бўлса, хавф ортади.

Масалан, киши гўшт, тухум, сут маҳсулотлари, мева ва сабзавотларни камайтириб, асосан нон, картошка ва гуруч билан чекланса, калория олишда давом этиши мумкин, аммо рационнинг озиқавий сифати пасаяди. Шунинг учун камбағалликни баҳолашда фақат одамнинг оч қолмаётганига эмас, унинг соғлом овқатланиш имкониятига ҳам қараш керак.

Демак, 715 минг сўм ҳақиқатан етарлими?

Расмий минимал истеъмол харажатлари аҳолининг ижтимоий ёрдамга муҳтож қатламини аниқлаш ва камбағаллик чегарасини белгилаш учун ишлатилади. Миллий статистика қўмитаси маълумотига кўра, 2026 йилда бу миқдор 715 минг сўмни ташкил этган. 

Бироқ расмий чегаранинг вазифаси билан инсоннинг барча эҳтиёжларини қоплашга етарли маблағ ўртасида фарқ бор. Бозор нархлари асосидаги намунавий ҳисобда соғлом овқатланиш, ишга қатнов, алоқа ва коммунал тўловлар биргаликда 715 минг сўмдан ошиб кетиши мумкин.

Шу сабабли асосий савол фақат камбағаллик чегараси неча фоизга оширилганида эмас. Унинг ҳисоб-китоби кам даромадли аҳолининг ҳақиқий эҳтиёжларига қанчалик мос келаётганида.

Агар давлат ушбу кўрсаткични аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини аниқлаш учун қўллаётган бўлса, озиқ-овқат, коммунал хизматлар, транспорт ва бошқа зарур харажатларни қамраб олган ҳисоб-китоблар ҳам очиқ бўлиши муҳим. Чунки камбағаллик чегарасидан бироз юқори даромад олишнинг ўзи инсоннинг етарли овқатланиши, кийиниши ва касал бўлганда даволаниши мумкинлигини англатмайди.

Камбағалликка қарши курашнинг ҳақиқий мезони — инсонни статистикада камбағаллик чегарасидан юқорига олиб чиқишгина эмас, балки унинг зарур эҳтиёжларини амалда қоплай олиш имкониятини таъминлашдир.

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...