Иммиграция дастурига азалдан қарши чиқиб келаётган Дональд Трамп маъмурияти бу йилги рўйхатдан ўтиш босқичини ўз вақтида очмаган ва кейинчалик жараённи бошлаш жуда кеч бўлганини даъво қилган. Бунга жавобан, иммиграция соҳасига ихтисослашган Red Eagle Law юридик фирмаси август ойида АҚШ Давлат котиби Марко Рубиога қарши даъво аризаси киритган.
Фирма асосчиси Кертис Моррисоннинг таъкидлашича, ҳукумат томонидан рўйхатдан ўтиш муддатининг ўтказиб юборилиши дастурнинг де-факто бекор қилинишига олиб келган, бироқ маъмурият 1990 йилда қабул қилинган қонун талабларини шунчаки четлаб ўта олмайди.
Суд томонидан чиқарилган қарорга кўра, Давлат котиби Марко Рубио 15 октябрь ярим тунга қадар лотереяда рўйхатдан ўтишнинг очилиш ва ёпилиш саналари, расмий веб-сайт ҳамда иштирок этиш шартларини Федерал реестр ва бошқа оммавий ахборот манбалари орқали расман эълон қилиши шарт. Шунингдек, аризаларни қабул қилиш босқичи камида 30 кун давом этиши белгиланган.
Суд қарорига мувофиқ, Давлат департаменти барча талаблар ва ҳужжатларга жавоб берадиган электрон аризаларни қабул қилиши, танланган ғолибларни хабардор этиши ҳамда 2027 молиявий йили якуни бўлмиш 2027 йил сентябрь охиригача аризаларни одатдаги тартибда кўриб чиқиши шарт.
Юристларнинг қайд этишича, Давлат департаментининг лотереядаги ўзгаришлар туфайли жараён кечикаётгани ҳақидаги важлари Трамп маъмурияти томонидан дастурни бекор қилиш учун қўлланилган вақтни пайсалга солиш тактикаси бўлиб чиққан. Юз берган вазият юзасидан АҚШ Адлия вазирлиги ҳозирча ҳеч қандай изоҳ бергани йўқ.
Олдинроқ АҚШ Давлат департаменти 2025 йил охирида тўхтатилган Green Card (Diversity Visa) дастурини қайта тиклаш ва унга тубдан янгиланган қоидаларни жорий этиш ҳақида қарор қабул қилганди.

Изоҳлар мавжуд емас