Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Боку шаҳрида ўтказилган Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг (ОҲИЧК) еттинчи саммитида иштирок этиб, минтақада тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, сунъий интеллектдан масъулият билан фойдаланиш ҳамда иқлим ўзгаришларига қарши курашишга қаратилган муҳим Осиё ташаббусларини илгари сурди.
Боку саммитида Озарбайжон, Исроил, Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон, Қозоғистон Президентлари ва Қатар Амири, шунингдек, Бангладеш, Баҳрайн, Бирлашган Араб Амирликлари, Вьетнам, Камбоджа, Россия, Туркия, Фаластин, Хитой, Шри-Ланка ва Ҳиндистон ҳукумат ва ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари, халқаро ташкилотлар вакиллари қатнашган.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида дунёдаги чуқур геосиёсий ўзгаришлар янада яқин ҳамкорликни талаб этаётганини алоҳида таъкидлаган.
Осиёнинг турли ҳудудларидаги қуролли низолар глобал хавфсизликга путур етказаётгани ва иқтисодиётга зарар келтираётганини қайд этган Шавкат Мирзиёев, ҳар қандай келишмовчиликлар фақат тинч, сиёсий-дипломатик йўл билан, халқаро ҳуқуқ нормалари асосида ҳал этилиши зарурлигини билдирган.
Шу муносабат билан Осиёда ишонч инфратузилмасини шакллантириш концепциясини ишлаб чиқиш, шунингдек, транспорт, энергетика, савдо ва рақамли алоқаларни ривожлантириш зарурлиги кўрсатиб ўтилган.
Технологик тараққиёт ва экологик таҳдидларга тўхталар экан, Президент сунъий интеллект имкониятлар билан бирга хавф-хатарлар ҳам туғдираётганини таъкидлаган.
Рақамли ривожланишдаги фарқни қисқартириш мақсадида "Технологик ишонч ва сунъий интеллектдан масъулият билан фойдаланиш бўйича Осиё ташаббуси"ни йўлга қўйиш ҳамда ОҲИЧК ҳузурида экспертлар майдонини ташкил этиш таклиф қилинган.
Шунингдек, иқлим ўзгаришларига мослашиш борасида саъй-ҳаракатларни бирлаштириш учун "Иқлим барқарорлиги бўйича ҳамкорлик"ни йўлга қўйиш ташаббуси илгари сурилган.
Ўзбекистон ОҲИЧКнинг Инсон мезони бўйича координатори эканини инобатга олиб, келаси йили мамлакатимизда Инсон салоҳиятини ривожлантириш бўйича форум ўтказиш ва Кенгашнинг 2028 йилгача мўлжалланган Ҳаракатлар дастурини тайёрлаш зарурлиги таъкидланган.
Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг Қўшилмаслик ҳаракатига раисликни қабул қилиши муносабати билан Саммит иштирокчиларини келаси йили Тошкентда ўтказиладиган 20-саммитга таклиф этган.
Нутқ якунида Шавкат Мирзиёев ОҲИЧКнинг низомини такомиллаштириш ишларини, Озарбайжон томонидан Бош котибликка кўрсатилган номзодни ҳамда Бокунинг Кенгашга раисликни 2028 йилгача давом эттириш ниятини тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирган.
Олдинроқ Шавкат Мирзиёев МДҲ давлатларини озиқ-овқат ва ўғитлар экспорти чекловлари ҳақида олдиндан огоҳлантиришни таклиф қилганди.

Изоҳлар мавжуд емас